Манчини Гвардиолани энг бадавлат мураббийга айлантирди
Жаҳон футболида энг катта маош олаётган мураббийлар рўйхатида жиддий ўзгариш бўлди. Бу италиялик мутахассис Роберто Манчининг ишдан олингани билан боғлиқ.
Саудия Арабистони футбол федерацияси Манчинини терма жамоага бош мураббий қилиб тайинлаганида йилига 21,5 миллион фунт маош беришга рози бўлган. Бу кўрсаткич орқали тажрибали мутахассис дунё футболида энг катта маош олаётган бош мураббийга айланган эди.
Саудия Арабистони терма жамоасининг кўрсаткичлари тушиб кетиши ортидан Манчини истеъфога чиқарилди.
Энди энг катта маош олаётган бош мураббий Хосеп Гвардиола ҳисобланади. “Манчестер Сити”ни чемпион қилишдан чарчамаган испаниялик мутахассисга “шаҳарликлар” ҳар йили 20 миллион фунт миқдорида маош тўлаб келмоқда.
Хосеп Гвардиола шогирди Микель Артетага нафақат жамоани бошқаришни, балки пул топишни ҳам пухта ўргатган. “Арсенал”ни кучли клублар қаторига қайтарган Артета ҳар мавсум учун “канонирлар” ғазнасидан олаётган йиллик маошини яқинда 9 миллиондан 15 миллион фунтга кўтарди.
Катта маош олаётган бош мураббийлар рейтингида кучли учликни “Реал” ва “Барселона”дан чемпионликни тортиб олишга уринаётган “Атлетико” устози Диего Симеоне олади. Мадриднинг иккинчи клуби кейинги йилларда катта ютуқларга эриша олмаяпти ва шу боис ўтган йили аргентиналик мутахассиснинг маоши 16 миллиондан 13 миллион фунтга пасайтирилди.
Фикрлар