Маошинг икки баравар ошади, кетиб қолмасанг бўлди!
Бундеслига чемпиони “Бавария” клуби раҳбарияти қанот ҳужумчиси Майкл Олисенинг келажаги ҳақидаги турли тахминларга чек қўйишни истамоқда.
Шу сабабли мюнхенликлар футболчи билан шартномани 2031 йилгача узайтириш ва унинг маошини деярли икки баравар ошириш ниятида.
Бу ҳақда Bayern & Germany аккаунти L'Équipe маълумотларига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, янги шартнома имзоланган тақдирда 24 ёшли вингер клубнинг энг кўп маош олувчи футболчиларидан бирига айланади. Ҳозирги шартнома 2029 йилгача амал қилади.
ОАВ маълумотларида айтилишича, француз футболчиси айни пайтда йилига 16–17 миллион евро маош олмоқда.
Ўтган мавсумда Олисе барча мусобақаларда 52 та ўйинда қатнашиб, 22 та гол ва 31 та голли узатма муаллифи бўлди.
Transfermarkt маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 150 миллион еврони ташкил этади. Унинг нархи ўта баланд эканига қарамай, Европанинг бир неча клублари Олисени ўз сафига чорламоқда.

Фикрлар