Мақом яхши, унга доим муносиб бўлиш яна ҳам яхши (Шарҳловчиларимиз ҳақида)

"Евро-2024" ўйинларинининг эксклюзив трансляция ҳуқуқини "ЗЎР ТВ" телеканали сотиб олди. Трансляция сифати ва умуман техник томонлама эътироз бўлиши мумкин эмас. Мазкур турнир олдидан мухлислар учун ушбу телеканал яна бир сюрприз тақдим этди. Гап шундаки, бир пайтлари Футбол ТВ телеканалида шарҳловчи сифатида фаолият олиб борган Алишер Узоқов ушбу турнирда соҳанинг чин маънодаги мутахассислари Даврон Файзиев ҳамда Хайрулла Ҳамидов билан трио сифатида ишлайдиган бўлди. 

Алишер Узоқовнинг шоу-бизнесдаги машҳурлигини инобатга олсак, унинг футбол шарҳлаши доимо мухлислар учун қизиқ бўлган. Бироқ соҳа бўйича билимчи? Ахир, футбол ҳам салкам фан ва уни ҳам ўзлаштириш лозим. Шарҳловчи фикран, таҳлилан ва маълумотлар билан ишлашда оддий мухлисдан фарқ қилиши талаб этилади. 

Айни дамда давом этаётган Англия - Словения баҳсида Узоқов терма жамоанинг собиқ сардори Харри Магуайр Гарет Саутгейт томонидан "Евро-2024"га охир-оқибат чақирилмаганини таъкидлаб ўтди. Харри "қовун"лари билан футбол оммасида кўп "троллинг"ларга сабаб бўлади, аммо инглизлар устози айнан шу сабаб уни термага чақирмади, дея олмаймиз. Шунчаки, Магуайрда жароҳат бор ва шу сабаб у термага ёрдам бера олмаяпти. Бемалол биз шарҳловчини нотўғри маълумот бераётганини айтишимиз мумкин. 

Бундан ташқари, ўтган куни бўлиб ўтган Швейцария - Германия баҳсида талаффузлар бўйича ҳақиқий абсурдлар гувоҳи бўлдик. "Байер" футболчиси - Андрих. У Эндрих эмас. Киммихнинг исми эса Йозуа, Жошуа эмас. 

Мен бу каби камчиликлар (маълумотлар билан ишлаш, футболчиларнинг исм-фамилияси талаффузи масаласи) фақатгина Алишер Узоқов билан эмас, балки бемалол бошқа тажрибали шарҳловчиларимизда ҳам содир бўлмоқда, дея оламан (ва фақат мана шу турнирда эмас. Бу анчадан буён ғашимга тегиб келаётган ва юз-хотир қилиб айта олмаётган гапларим эди).

Уларнинг тажрибаси, шарҳ темпи ёки маҳоратини муҳокама қилмаяпман. Шунчаки, интернет орқали билиш мумкин бўлган маълумотларда баъзан жуда кўп хатоликлар гувоҳи бўляпмиз. 

Таниқли ва устоз шарҳловчининг дарсига кирган пайтимда, улар менга шарҳловчилар ҳақида бир яхши гап айтгандилар: Шарҳловчи ўзи шарҳлайдиган ўйинига энг камида бир соат аввал (бўлмаса икки соат) келиши ва тайёргарлик кўриши керак (маълумотларни кўздан кечириб чиқиб, таркибларга кўз югуртириб, ўз ишига профессионал ёндашиб) дегандилар. 

Йиллар давомида орттирилган мухлислар меҳри ўз ишига нопрофессионал ёндадишга сабаб бўлиб қолиши керак эмас. Улар учун шарҳ 2x2 иш бўлиши мумкин, аммо футболда воқеалар тез ўзгаради ва бу доимий кузатувни талаб қилади. Ҳозир чиқамиз ва гапирамиз каби ёндашув турнирни томоша қилаётган миллионлаб мухлислар учун ҳурматсизлик. 

Мен қандайдир футболдан 1500 км узоқроқ бошловчидан эмас, аксинча тажрибали ва бу соҳанинг энг зўрлари бўлган инсонлардан бироз хушёрликни сўраяпман. Мақом яхши нарса, унга ҳар доим муносиб бўлиш эса яна ҳам яхши. 


Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин
 

 

Карим Худайқулов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шухрат Хусаинов
26/06/2024 07:29
Зур туда Европа чемпионатини шархловчиси А.Узоков эканда айтдим профессионал чикмиепди деб чузилиб хуллас хаииа уз ишини килгани яхши экан.