Мақсадига етолмаган МЮ футболчиси сўнгги чорани қўллади

2020 йилнинг ёзида “Манчестер Юнайтед”га олиб келинган нидерландиялик плеймейкер Донни ван де Бек жуда кам ўйнаяпти.

Ўз вақтида “Аякс” етакчиси бўлган истеъдодли ўйинчини манчестерликлар бош мураббийи Уле-Гуннар Сульшер захирада ушлаб турибди. Бундан ташқари, норвегиялик мутахассис футболчининг кетишига ҳам изн бермаяпти.

Донни ван де Бек ўзига янги иш жойи топиш масаласини ҳал қила олмаган агенти Гвидо Альберс билан ҳамкорликни тўхтатди. Энди бу футболчига Али Дурсун агентлик қилади. Бу мутахассис “Барселона” вакили Френки де Йонг манфаатларини ҳам ҳимоя қилмоқда.

Донни ван де Бекнинг режасига кўра, Али Дурсун мавсум охиригача унга муносиб жамоа топиб бериши ва манчестерликларни футболчини қўйиб юборишга кўндириши керак.

Ҳозирча нидерландиялик ярим ҳимоячига “Ювентус”, “Эвертон” ва “Ньюкасл”дан  жиддий қизиқиш бўлмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!