Марадона: "Янги стадион мухлислар билан тўлса керак. Тахминим 2:0 Ўзбекистон фойдасига"

Эртага “ЖЧ-2026” учинчи саралаш босқичининг 2-тури доирасида Бишкекда Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари иштирокида муҳим ўйин ўтказилади. Бу ўз номи билан Марказий Осиё дербиси саналади.

Биласиз, Қирғизистон чемпионатида бир қатор ўзбек футболчилари тўп суриб келмоқдалар. Улардан бири “ОшМУ Алдиер” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Марадона Сафаров.

Ишқибозларимиз уни яхши эслашади. “Машъал” клуби тарбияланувчиси ўтган йилдан бери Қирғизистон чемпионатида тўп сурмоқда. Sports.uz мухбири эртанги баҳс олдидан Марадонага айрим саволлар билан мурожаат қилди.

- Марадона, сиз фаолиятингизни Қирғизистон чемпионатида давом эттириб келяпсиз. Маълумки, 10 сентябрь куни Қирғизистон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтади. Қирғизистонда ушбу учрашувга эътибор қандай?

- Қирғизистон ўз тарихида биринчи бор ҳал қилувчи босқичга чиқди. Бўлажак учрашувга эътибор анчагина кучли. Янги таъмирланган стадион мухлислар билан тўлса керак.

- Илк турда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ютди. Қирғизистон эса шу ҳисобда ютқазди. Иккала баҳсни ҳам кўрдингизми? Қандай фикрдасиз?

- Ҳа, иккала ўйинни ҳам жамоамиздагилар билан биргаликда кўрдик. Ўзбекистон осонроқ ғалаба қозонади, деб тахмин қилгандик. Лекин қийин ғалаба бўлди. Қирғизистон бор эътиборини ҳимояга қаратди. Агар Кожо гол уриб кетганида дуранг ҳам яхши натижа бўларди.

- Қирғизистон терма жамоаси қанчалик ўзгарган деб ўйлайсиз?

- Ҳозир таркибда кўплаб ёш йигитлар ҳаракат қилишяпти. Тартибли ҳимоя ва тезкор қарши ҳужум тактикасида ўйнашяпти. Ҳозирда яхши жамоа шаклланган.

- Терма жамоамиз бу ўйинда фаворит. Бизга учрашувда нима халақит қилиши мумкин деб ўйлайсиз?

- Қирғизларнинг тартибли ҳимояси. Менимча, биринчи гол урган жамоа ютиб кетади. Ўйинда катта ҳисоб қайд этилмаса керак. Тахминим 2:0 Ўзбекистон фойдасига.

- Ушбу ўйинни қаерда кўрмоқчисиз? Стадиондами ёки ТВдами?

- Ҳозир биз ФИФА кунларида жамоамиз билан машғулот лагеридамиз. Ўйинни Ўш шаҳрида телевизор орқали томоша қиламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!