Мартинес: "Ўзбекистон устидан ғалаба танқидчиларга энг яхши жавоб бўлди"
Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес Ўзбекистонга қарши 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабадан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, бу натижа биринчи турда Конго ДРга қарши ўйиндан кейин айтилган танқидларга муносиб жавоб бўлди.
"Муносабат ҳам, меҳнат ҳам аввалгидек эди. Асосий фарқ шундаки, биринчи голдан кейин ҳиссиётларимизни назорат қила олдик. Конго ДРга қарши баҳсда голдан кейин интизомни йўқотган эдик. Бугун эса дастлабки режага содиқ қолдик ва бу ўйин тақдирини ўзгартирди", — деди Мартинес.
Мураббий биринчи турдаги муаммо айнан руҳий босим билан боғлиқ бўлганини ҳам таъкидлади.
"Футболчилар ўз маҳоратини кўрсатишга ортиқча уринганди. Шу сабабли ўйиндаги тартиб бузилди. Бугун эса аниқ режага эга бўлган яхши ташкиллашган рақибга қарши барқарор ҳаракат қилдик. Тактик интизомни сақлаб қолдик ва бу бизга катта ёрдам берди", — деди португалиялик мутахассис.
Мартинес Жоау Феликснинг ўйини ҳақида ҳам фикр билдирди.
"Фақат битта футболчи ҳақида гапириш тўғри эмас. Энг муҳими — барча жамоага ёрдам беришга тайёр. Жоау жуда яхши машғулотлар ўтказди. Бугун унинг футболдан завқ олиб ўйнаётганини кўриш ёқимли бўлди. Унинг маҳорати жуда юқори", — деди мураббий.
Португалия бош мураббийи Криштиану Роналдунинг икки голига ҳам алоҳида тўхталди.
"Бу фақат вақт масаласи эди. Криштианунинг жарима майдончасидаги ҳаракатлари марказий ҳужумчи учун намуна ҳисобланади. Бугун тўплар дарвозага кирди, аммо энг муҳими — у ҳар бир ўйинда вазиятлар яратади. Бу эса ҳужумчи учун энг қийин вазифадир", — деди Мартинес.
Мартинес ҳозирча жамоасини асосий фаворитлар қаторига қўшишга шошилмаяпти.
"Менимча, ҳали эрта. Аммо бизда жуда кучли ва аҳил жамоа бор. Сўнгги кунларда ташқи шовқинларга эътибор бермасликни ўргандик. Жамоада рақобат юқори. Ҳатто ҳали майдонга тушмаган футболчиларга ҳам ачинаман. Бирлик ва жипслик қийин пайтларда бизга ёрдам берди.
Роналду ҳамма учун намуна. У ҳақиқий сардор. Бу икки голга муносиб эди. У доим вазиятлар яратади, кийиниш хонасида катта масъулиятни ўз зиммасига олади ва жамоага жуда катта ёрдам беради", — деди Мартинес.

Фикрлар