"Машъал" "Женоа" устидан ФИФАга ёзди! Клуб етакчиси эса "Навбаҳор"га трансфер қилиняпти...
Муборакнинг “Машъал” клубида ҳам кўпинча эътиборни тортадиган янгиликлар чиқиб туради. Навбатдагиси ҳам бундан мустасно эмас. Клуб бош директори Илҳом Қурбонов sports.uz мухбири билан мулоқот жараёнида барчасига ойдинлик киритди.
- Жамоа етакчиси Раҳим Давроновнинг “Машъал”дан кетаётгани ҳақида эшитдим. Бу борада ўзингиз вазиятга ойдинлик киритсангиз.
- Унинг иши деярли 80 фоизга ҳал бўлиб қолди. Давроновни “Навбаҳор” жамоасига трансфер қилиш арафасида турибмиз. Бу борада “Навбаҳор” билан келишяпмиз. Музокаралар якунланиб қолди.
- Раҳим Давронов жамоа сардори ва етакчиси эди. Унинг кетиши клуб учун катта йўқотиш ҳисобланмайдими? Ўрнини қандай тўлдирмоқчисизлар?
- Ўрнини тўлдирадиган футболчиларимиз бор. Унинг кетаётгани йўқотиш эмас. Яширмайман, Давронов йил бошидаёқ трансферга қўйилганди.
- Сир бўлмаса, унинг трансфер нархини айта оласизми?
- Бугун-эрта ҳаммаси ҳал бўлганидан кейин икки кунда сизга аниқ рақамни айтаман.
- Сардор Абдураимовни хорижга кетиши ҳақида айтилаётганди. Унинг масаласи нима бўляпти?
- Сардор Абдураимов ҳам, Ҳумоюн Муртазоев ҳам жамоамизда қоладиган бўлиб турибди. Агар уларга жуда ҳам қизиқарли таклифлар тушса, кўриб чиқамиз. Кимдир ижарага олмоқчи бўлса ёки шунга ўхшаш қизиқарсиз таклифлар бўлса, қараб ҳам ўтирмаймиз.
- Давроновдан ташқари яна кимларни трансфери ҳал этиляпти?
- Ифеаньи, Абдураимов ва Муртазоев трансфери бўйича бир қатор музокараларни олиб боргандик. Фақат қизиқарли трансферлар бўлмагани учун кўриб чиқмадик ва ўзимизда қолишяпти.
- Таркиб неча фоизга аниқлаштирилди?
- Деярли 90 фоизга таркибимиз аниқ бўлиб улгурган.
- Янги бош мураббий Серхио Маринангелининг клубда иш бошлаганига бир ой бўлди. У ҳақидаги дастлабки таассуротлар қандай?
- Ҳозир бирор нарса дейиш қийин. У ҳақидаги таассуротларимизни кузда айтамиз. Ҳозирча эса жараён давом этяпти. Биз энди унинг бошчилигида иккита назорат ўйинини ўтказдик.Ушбу учрашувлар орқали хулоса қилиб бўлмайди.
- Одатда, футболчилар билан шартномалар бир йиллик муддатга тузилишига кўникиб кетганмиз. Айниқса, легионерлар билан асосан, бир мавсум учун келишилади. Аммо “Машъал” нигерияликлар билан қандай қилиб уч йиллик битим имзолади?
- Бу борада муаммо бўлгани йўқ. Уларга уч йиллик шартномани таклиф қилдик ва кўриб чиқишгач, рози бўлишди. Иқтидорли ўйинчилар. Уларга бир неча йиллик лойиҳамизга киряпсизлар, агар кейин яхши таклифлар бўлса, сотиб юборамиз, деб айтганмиз. Тўғриси, уларни ўтган йилнинг август-сентябрь ойларидан кузатишни бошлагандик. Ўшанда оғзаки келишгандик ва шартномани ҳам бир йиллик эмас, уч йиллик муддага тузишимиз ҳақида огоҳлантиргандик. Улар шу таклифимизга тайёр бўлиб келишган. Барибир хориждан келган ўйинчига бир йилда ўзини тўлиқ кўрсатиши қийин бўлади. Аввал улар мослашув жараёнини енгиб ўтиши керак. Легионерларни беш ой давомида кузатганимизда потенциали борлиги кўринганди. Жамоамизни кучайтиришга қодир.
- Клубнинг янги мавсум учун бюджети тасдиқландими?
- Кутяпмиз. Кўриб чиқиш учун сметаларни тақдим қилганмиз. Яқин орада ҳал бўлиб қолса керак.
- Ўтган йили “Машъал”да молиявий муаммолар кўзга ташланиб қолганди. Бу йил эса, испаниялик мураббий таклиф қилинди. Қолаверса, легионерлар ҳам жалб этилди. Булар ўз-ўзидан рўй бермайди, ҳаммаси молиявий ҳолатга бориб тақалади.
- Молиявий муаммолар бор. Аста-секин ечим топиляпти. Биз ҳали ўзимизни-ўзимиз қоплаш даражасига чиққанимиз йўқ. Агар сметамизнинг 10-20 фоизини ўзимиз ишлаб топсак ҳам катта иш қилган бўламиз. Лекин ҳали бу даражада ривожланганимиз йўқ.
- Лекин футболчиларни трансфер қилиниши ёрдам берса керак...
- Қайсидир муаммоларимизни ҳал қилишда асқотади.
- “Машъал”да тарбияланган Шаҳзод Убайдуллаевнинг трансфери бўйича “Машъал” ўз улушини олдими?
- Ҳа, трансфер суммасидан икки фоиз улуш бизга тегишли. “Шахтёр”га ушбу масала бўйича алоқага чиқяпмиз. Фақат бу борадаги ҳужжатларни тайёрлаб, жўнатишга бироз вақт керак. Аммо бу жараён давом этяпти.
- Шунингдек, Элдор Шомуродов бўйича ҳам трансфердаги улушингларни қандай ҳал қиляпсизлар?
- “Женоа”ни ФИФАга ёздик. Аввалига улар сўраган барча ҳужжатларни қилиб бердик. Бошида “Женоа” билан алоқада бўлиб турдик. Кейинчалик эса, бизнинг телефонларимизга, хабарларимизга жавоб бермай қўйди, ҳайронман. Кейин “Ростов” билан гаплашдик. Орадан бироз вақт ўтиб, “Ростов” ҳам бошқача гапиришни бошлади. Айтилган муддатлар етиб келди ва биз ФИФАга мурожаат қилдик. Энди кутамиз.
Фикрлар