Машҳур боксчимиз енгилмас рақибнинг икки камари учун жанг қилади

  • 8 апрель, 2021, 07:10
  • 1
  • Бокс

Чеченистоннинг Грозний шаҳри профессионал бокс кечасига мезбонлик қилмоқда. Бугунги дастурдан ўн иккита жанг жой олган. Асосий жангда таниқли боксчимиз Шерзод Ҳусанов (22-1-1, 10 КО) мезбонлар вакили Асламбек Идиговга (19-0-0, 7 КО) қарши рингга чиқади.

Ушбу жангда Асламбек Идигов Шерзод Ҳусановдан ўзига тегишли бўлган профессионал бокснинг  WBO ва IBF йўналишлари бўйича Европа чемпионлик камарларини ҳимоя қилади. Баҳс ўн раунд этиб белгиланди.

Шерзод Ҳусанов ўз вақтида ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи боксчиларидан бўлган. У жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медалга эга чиққан, бу натижасини қитъа чемпионатида ҳам такрорлай олган. Осиё ўйинлари совриндори, Олимпия ўйинлари иштирокчиси бўлган.

2007 йилдан профессионал боксга ўтган фарғоналик чарм қўлқоп устаси узоқ йиллар давомида мағлубиятсиз сериясини давом эттириб келди. Шерзод 2014 йилгача 18 та ғалаба ва битта дуранг билан бокс тушишни тўхтатди. Орадан уч йил ўтиб, яна қўлқопни қўлга олиб, кетма-кет учта жангда зафар қучди.

Ҳусанов фаолияти давомида россиялик Кирил Самодуров, Максим Чемезов, Тимур Нергадзе, Александр Валиахметов ва эстониялик Павел Семёнов каби мағлубиятга учрамаган боксчиларни биринчи бўлиб енга олган.

Img_0739-800x600

2018 йили боксчимизнинг мағлубиятсиз серияси тугади. Польшада мезбонларнинг енгилмас боксчиси Дамиан Жонакка қарши ўтказилган учрашув Шерзод Ҳусановга қимматга тушди. Ҳакамлар тенг курашлар остида ўтган беллашувда очколар ҳисобидаги ғалабани мезбон боксчига бериб юборди. Жонак фаолиятидаги 41-муваффақиятини тантана қилган бўлса, Шерзод биринчи бор рингни боши эгик олда тарк этди. Шундан сўнг, икки йил дам олган ўзбек боксчиси яна рингга қайтди. Роберт Пажечевски билан бўлган жангда Шерзод Ҳусанов иккинчи раундда битта супер зарба билан рақибини рингга қулатди.

Мана энди, 41 ёшли боксчимиз қитъа чемпионлиги учун рингга чиқиш имконига эга бўлмоқда. Унинг бу галги рақиби Асламбек Идигов ёш ва кучли боксчи. 2013 йилдан бери профессионал жангларда иштирок этаётган Идигов шу кунга қадар 19 та жангнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилди. Фаолияти давомида Жеймс Баллард, Ронни Ландаета, Роберт Рач, Райан Форд каби кучли боксчиларни енгди.  

2019 йилнинг апрелида Ронни Ландаета қарши жангда WBO ва IBF йўналишлари бўйича Европа чемпионлик камарларини қўлга киритган. Роберт Рач ва Станислав Каштановга қарши баҳсларда ўз совринларини муваффақиятли ҳимоя қилди.

5ed68ce8137fbba752b5a4f3ed23f90f

Энди бўлажак жангда Шерзод Ҳусанов рақибининг камарларини тортиб олишга ҳаракат қилади.

Грознийдаги профессионал бокс кечасида яна бир ҳамюртимиз Одилжон Мирзараҳимов ҳам иштирок этади. Одилнинг фаолияти бир текис кетмаяпти. У саккизда беллашувдан атиги иккитасида ғалаба қозонган, унинг иштирокидаги учта тўқнашувда кучлар келган ва уч марта мағлубият қайд этилган.

Одилнинг бу галги рақиби Идрис Адалаев Қозоғистонда туғилган бўлса-да, Россия шарафини ҳимоя қилмоқда.  У кетма-кет иккита жангда ғолиб чиққан. Адалаев ва Мирзараҳимов ўртасидаги рейтинг жанги олти раунд этиб белгиланган.

Бўлажак беллашувларда боксчиларимизга ғалаба тилаймиз!  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
elprimo
08/04/2021 14:23
Omad