Машхур боксчи Сауль "Канело" Альварес Мессининг олдида шарманда бўлди!
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати Аргентинанинг ғалабаси билан якунланганидан хабарингиз бор. Ушбу ғалаба ҳақида сўз борар экан, барчанинг кўз олдига Лео Месси келиши турган гап. Ваҳоланки, мусобақанинг илк ўйинларида Мессига кетма-кет танқид тошлари отилди. Улар орасида Сауль Альвареснинг "ўрни бўлакча". Бокс бўйича бир нечта йўналиш камарлари эгаси саналган мексикалик спортчи Аргентина сардорига очиқчасига таҳдид қилди! Сезганингиздек, гап Мессининг кийиниш хонасида олинган сурати ҳақида кетмоқда. Мексика (2:0) билан ўйиндан сўнг ПСЖ ҳужумчиси “ацек”лар футболчиси билан жерсийсини алмашади. Юқорида эслаган суратимизда, айнан Мексика либосининг Леонинг оёқлари остида ётгани тасвирланган. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилингани рост. "Канело" ҳам вазиятга жим қараб тура олмади:
“Мен уни ушлаб олмаслигим учун Яратганга дуо қилиб туринглар! Сиз Мессининг қилган ишини кўрдингизми? У бизни либосимиз билан полни артаётган эди. Байроғимиз акс этган либос билан! Мен Аргентина ҳақида эмас, Лео ҳақида фикр билдирдим. Бу биз учун ҳақорат. Унинг ёнини олишга уринманг!”
Кейинроқ маълум бўлишича, ғалаба завқида эйфорияга берилган Аргентина кийиниш хонасида байрамни бошлаб юборган, айнан ўша тўполонда Мексика либоси полга тушиб кетган экан. Бу Лео томонидан атайин қилинган иш эмаслиги ошкор бўлгач, Сауль ноқулай вазиятда қолиб кетди. Шунга қарамай, у ижтимоий тармоқлар орқали босим қилишда давом этди. Ҳатто, Мексика терма жамоаси футболчиларининг вазиятни юмшатиши ҳам наф бергани йўқ. Барча энди нима бўлади деб турган бир пайтда, "Канело" жим бўлиб қолди. Боксчи “калла қўйгани"ни чуқур ҳис қилган чоғи, бошқа бу мавзуга оид пост қолдиргани йўқ. Кўп ўтмай, вазиятни юмшатишга урингани сезилиб қолган изоҳ ҳам қолдирди:
“Сўнгги кунларда ватанимга бўлган муҳаббат сабабли ҳиссиётларимни жиловлай олмай қолдим. Натижада, жуда хунук сўзларни ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирганимни кейинроқ сездим. Мен Лео Месси ва бутун Аргентина халқидан узр сўрамоқчиман. Биз ҳар куни янги нарса ўрганамиз. Бу сафар менинг навбатим экан”.
Энг қизиғи шундаки, Сауль Альварес финалдан сўнг очиқчасига мақтов ишлатишга ўтиб олди.
“Аргентинани буюк ғалаба билан табриклайман. Улар бунга ҳақли эди. Мен доим ўз ватаним шаънини ҳимоя қиламан. Балки, қаердадир хато қилган бўлишим мумкин, аммо бундан тўғри хулоса чиқардим. Мен Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган барча футболчиларни табриклайман".
Кераксиз агрессия сабабли бутун дунё кўз олдида шарманда бўлган Сауль бир неча кун ичида Аргентина мухлисига айланди. Айбини тан олди ва якунда Леони кубокни қўлга киритгани билан табриклади. Дунёнинг энг кучли боскчиларидан бирининг вазиятга муносабати кенг муҳокама қилинди. Кимдир уни қўрқоқликда айблаган бўлса, бошқалар ўз вақтида айбини бўйнига олганини эътироф этди. Сизнингча, бу вазиятда Сауль Альварес тўғри қарор қабул қилдими? Фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг!
Фикрлар