"Машъал"га ганалик футболчилар қўшилди
Муборакнинг «Машъал» клуби ҳам ёзги мавсумга тайёргарликни бошлади. Асрор Алиқулов бошчилигидаги жамоа аъзолари ўз қароргоҳида шуғулланмоқдалар. Бунгача клуб раҳбарлари иккинчи давра учун таркибни кучайтириш режаси борлигини маълум қилишганди.
Хабарингиз бўлса, мавсум аввалида «Машъал» таркиби буткул ёшартириб юборилганди. Жамоа эса про-лига «А» гуруҳида «Истиқлол»дан кейин иккинчи ўринни банд этиб турибди. Суперлигага чиқишни кўзлаётган «газчилар» бошқалардан қолишмаслик мақсадида селекцияга эътиборни кучайтиришмоқчи.
Шу мақсадда таркибга янги футболчилар қабул қилинмоқда. Аммо бу билан ёшартириш тизимидан воз кечишмоқчи эмаслар. Шунчаки, рақобатни кучайтирган ҳолда янги ўйинчиларни таклиф этишмоқда.
Эътиборлиси, «Машъал» жамоасига икки нафар ганалик футболчилар қўшилишди. Булар – 1999 йилнинг 11 январида туғилган Даниель Кваме Донкор бўлиб, ҳужумкор ярим ҳимоячи саналади. Яна бири эса 1999 йилнинг 6 январь куни таваллуд топган Дэвид Менса Аджей. У ҳимоя ва ярим ҳимояда ўйнайди. Эътибор берган бўлсангиз, 20 ёшли футболчилар тенгдош ва айни пайтда жамоа машғулотларида иштирок этишмоқда.
Шунингдек, «Янгиер» жамоасида фаолият олиб борган дарвозабон Хусан Олимжонов ва Жасур Қурбонов ҳам «Машъал»нинг йиғинига таклиф этилишган. Шунингдек, муборакликлар йиғин давомида бир қатор назорат учрашувларини ҳам ўтказишлари режалаштирилган.
Фикрлар