Матеус Лима "Насаф"ни кучайтира оладими? Ёки бу навбатдаги "дежурний" трансферми?

Хабарингиз бор, Қаршининг "Насаф" жамоаси ёзги трансфер ойнасида бразилиялик Лима Крузни ўз таркибига қўшиб олди. Ушбу футболчининг келиши кўплаб мухлисларда икки хил фикр уйғотгани рост. Кимлардир уни бор-йўқлиги билинмай кетадиган ўйинчи, деб ҳисобласа, бошқалар "Насаф"нинг ҳужум чизиғида янги куч пайдо бўлганини тахмин қилмоқда. Хўш, аслида жанубий америкалик форвард "аждарлар"га ёрдам бера оладими? Бугун шу мавзуга атрофлича тўхталиб ўтамиз.

Тан олиш лозим, Лима "Насаф" футболчиларидан бир калла баланд ижрочи эмас, аммо бу унинг бошқалардан кучсиз эканини англатмайди. Эътиборлиси шундаки, Рўзиқул Бердиев Круз трансфери орқали жамоасининг энг ожиз нуқтасини кучайтиришни уддалади. "Насаф" жамоавий футболда кучли бўлишига қарамай, захирасида ўйиннинг боришини индивидуал маҳорат эвазига ўзгартириб юборадиган футболчига эга эмасди. Семир Смайлагич бунга уриниб кўрди, аммо уни маҳаллий футболчилардан деярли фарқи йўқлиги панд берди. Аввалроқ, Калудерович ҳам худди шундай омадсизликка учрагани ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Хўш, Матеуснинг улардан қандай фарқи бор?

Nasafi

Биринчи навбатда, унинг майдондаги интиллектини алоҳида эътироф этиш лозим. Марказий ҳужумчи бўлишига қарамай, Круз керакли паллада ортга чекиниб ҳам тўп тепиши мумкин. Боз устига, у иккинчи қаватда яхши ўйин кўрсатади. Шунингдек, корпус ёрдамида тўпни ўзида яхши сақлаб туриши мумкин. Соддароқ қилиб айтсак, Ҳусаин Норчаевнинг майдондаги тўлиқ акси. У Норчаев сингари чаққон ҳам, прессингда фаол ҳам эмас, аммо бошқа устунликлар орқали ёш рақиби билан асосий таркиб учун кураш олиб бориш имкониятига эга. Стандартлардаги устунлик, жой танлашдаги маҳорат ва тўпни ўзида ушлаб туриш ёрдамида ўйиннинг боришини ўзгартириши мумкин. Катта эҳтимол билан, Норчаев жамоанинг асосий ҳужумчиси бўлиб қолади. Бердиев ўзининг 4-3-3 ва 3-4-3 схемаларидан воз кечиб, иккита форвард билан ҳаракат қилмаслиги аниқ. Шундай экан, иккинчи даврадаги ўйинларнинг 60-65 фоизида Ҳусаин асосий ҳужумчи образида ҳаракат қилса, қолган вақт давомида Лима ўзини кўрсатишига тўғри келади. Шунингдек, захирадан ўйинга қўшилган баҳсларида ҳам кўп нарса унинг маҳоратига боғлиқ. Агар "Насаф" ўйин фалсафасини англаб етса, Метеус "аждарлар" учун Суперлига олтин медаллари томон ташланган энг дадил қадамга айланиши ҳеч гап эмас.

Тўғри, кўпчилик футболчининг у қадар сермаҳсул эмаслиги, бирорта чемпионатда 9 тадан ортиқ гол урмаганини пеш қилмоқда. Бунга уларнинг ҳаққи бор. Статистика ҳеч қачон алдамайди, бироқ Лиманинг ҳозирги Ўзбекистон чемпионатида йўқолиб қолишига ишониш қийин. Ҳар ҳолда, унинг бундан аввалги клуби "Хапоэль Ришон Ле Зион" Исроил биринчилигида кураш олиб боради. Ўйлашимча, ҳозирги Суперлигамиз Исроил чемпионатидан савия борасида олдинда бўлмаса керак. Клублари ЕЧЛда тез-тез кўриниш берадиган мамлакат футболидан келган йигит Ўзбекистонда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши ҳақиқатга яқин.

nasaf22222

Бердиев бошчилигидаги "Насаф"нинг сўнгги 10 йилликда танлаган легионерларига эътибор берсангиз, ҳеч бири катта ном сифатида жамоага ташриф буюрмаганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Энг қизиғи шундаки, маълум вақт давомида улар Рўзиқул ака қўл остида янги даражага кўтарилишга муваффақ бўлган. Артур Геворкян ва Драган Черан сингари мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин. Гап шундаки, ўзбек футболида "Бердиев эффекти" деган атамани жорий қилиш лозим. Қаршиликлар мураббийи жамоаси услубига мос келадиган футболчини танлабгина қолмай, ундан максимум наф чиқаришга уринади.

Ҳозирда клуб етакчисига айланиб бораётган Марко Станоевич ҳам "аждарлар" сафида ўзининг энг яхши мавсумларини ўтказмоқда. Катта эҳтимол билан, Лима ҳам жамоага тезда киришиб кетади. Бердиев ички муҳитни аъло даражада ушлаб туришга одатланганини ҳисобга олсак, мослашув билан муаммо бўлмаслиги аниқ. Тўғри, "Насаф" бу футболчи билан Суперлигадаги бошқа рақобатчиларидан олдинлаб кетмайди, аммо ўз ўйинини янада мукаммаллаштириш имконига эга.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Verizon New
24/07/2022 22:14
Albatta kuchaytira oladi. Bu jamoaga va futbolchi o'z oldiga qo'ygan maqsadlariga bog'liq
Ungboev Jamshid
24/07/2022 21:39
YAXYOXUJAGA GAP YUQ
&
Ашуров Бахтийор
25/07/2022 10:42
Трансфер нанглови тўгри бўлиб чиқсин. Йўқса Норчаев яна якаланиб қолади.