"Майнц" судда ўзининг собиқ футболчисига ютқазди
Анвар Эль-Гази "Майнц"дан судда ютиб олган пулини Ғазо секторидаги болаларга хайрия қилади.
Гап шундаки, 2023 йил 7 октабрда Фаластин-Исроил можароси авж олганидан кейин Анвар ижтимоий тармоқларда шундай ёзган эди: "Бу можаро ёки уруш эмас. Бу геноцид ва оммавий қирғин. Биз буни жонли кўриб турибмиз". У ўша хабарини Фаластиннинг озод этилиши ҳақидаги шиор билан якунлади. Бироқ, кейинчалик постни ўчириб ташлади. Аммо барибир "Майнц" футболчини машғулот ва ўйинлардан номаълум муддатга четлатди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида немис клуби нидерландиялик ярим ҳимоячи билан шартномани бекор қилганди. Футболчи "Майнц" устидан даъво аризаси киритиб, судга мурожаат қилди ва якунда ғалаба қозонди. Немис клуби қарор билан футболчига 1,7 миллион евро тўлашга мажбур бўлди.
"Бугун "Майнц"дан катта миқдорда пул олганимдан сўнг, шуни айтмоқчиманки, суд жараёнимнинг асоси пул эмас эди. Иккита нарса учун клубга раҳмат айтмоқчиман. Биринчидан, катта молиявий компенсация учун. Бу пулнинг 500 минг евро миқдоридаги маблағи Ғазодаги болаларнинг келажаги молиялаштиришга йўналтирилади.
Биринчидан, "Майнц" тўловдан қочиш учун бир неча марта муваффақиятсиз уринишларни амалга оширди. Иккинчидан, улар мени жим қилмоқчи бўлди. Бироқ, бу холат мени Ғазодаги мазлумларни ҳимоя қилиш учун янада баландроқ сўзлашимга туртки бўлди”, — деб ёзади футболчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Фикрлар