Мбаппе "Реал"га шошмоқда. Перес эса ПСЖни қандай кўндиришни билади
Килиан ПСЖ билан янги шартнома имзоламаслик ҳақида ўйлаяптими? Агар шундай бўлса, француз гранди олдида катта муаммо юзага келади. Чунки Мбаппенинг клуб билан амалдаги шартномаси 2022 йилнинг ёзида ўз ниҳоясига етади. Шу боис ПСЖда уни текинга қўйиб юбормаслик учун 2 та йўл бор:
1 – қандай қилиб бўлмасин, у билан шартномани узайтириш;
2 – яқинлашиб келаётган ёзги трансферлар даврида уни яхшироқ пулга сотиб юбориш.
Килиан 1 йилдан сўнг эркин агентга айланади
Нега Мбаппе 1 йил кутиб, янги жамоасига эркин агент сифатида кетмайди? Биринчидан, бу иш Мбаппе учун “Монако”га катта пул тўлаган ва унга катта маош бераётган клубга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Иккинчидан, 2022 йилги жаҳон чемпионати қишда бўлади ва шу сабабли, 2022 йилда жамоани ўзгартириш унинг фаолиятида қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Чунки мавсумнинг биринчи ярмини бошқа жамоада ва қолган иккинчи қисмини бошқа жамоада ўтказишга тўғри келади. Шу сабабли ҳам, Мбаппе учун шу йил янги жамоага ўтиш ҳар томонлама фойдалироқ.
Энди Перес билан музокара олиб бориш осонроқ
Юқорида айтганимиздек, Мбаппенинг шартномаси тугаб бормоқда. Агар ПСЖ раҳбарияти музокара олиб бораётган Мбаппенинг отаси билан зиддиятга киришишни истамаса, Килианнинг трансфери бўйича “Реал”га чегирма килиб бериши керак.
Перес трансфер бозорида тажрибали савдогар ҳисобланади. Шу боис, у ПСЖни бир йилдан сўнг ҳеч нимасиз қолгандан кўра, ёш юлдузни 180 миллион евро эвазига қўйиб юбориш фойдали эканлигига ишонтира олади. Мбаппе шартномани узайтиришга умуман шошилмаяпти. Болалигидан “Реал” мухлиси ҳисобланган Килиан “Қироллик клуби”да ўйнаш орзусида эканини ҳеч қачон яширмаган. Унда Мадридга келиш истаги борасида кучли иштиёқнинг борлиги “Реал”га қўл келади ва унга харидор бўлаётган бошқа жамоаларга нисбатан устунлик беради.
Зиданда “Реал”даги ишида давом этиш имконияти бор
“Реал” кетма-кет 3 та “эль-класико”дан буён “Барселона”га ютқазмаяпти. Қолаверса, жамоа “Ливерпуль”ни таслим этиб Чемпионлар лигаси ярим финалига йўлланмани қўлга киритди. Агар “Реал” ЕЧЛ финалига чиқса ва Ла Лигада зафар қучса, Зидан шубҳасиз янги мавсумда жамоада қолади. Футболчилар ҳам Зиданга қарши эмас. Бундан ташқари, у Мбаппенинг трансфери масаласида Пересга катта кўмак бериши ва Килианни кўндириш асосий ролни ўйнаши мумкин. Қолаверса, клуб раҳбарияти учун ҳам нотаниш мураббийни олиб келиб, таваккал қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ.
Ла Лигага янги қон керак
Ла Лига ҳозир Месси ва Роналду даврида топилган пуллар эвазига яшамоқда. Энди Криштианунинг “Реал”га қайтиш эҳтимоли жуда кам. Айниқса, “Қироллик клуби” молиявий қийинчиликлар юзага келган бир пайтда катта маош оладиган футболчини қайтариши қийин. Месси ҳам 1 ёки 2 мавсумдан сўнг “Барселона”ни тарк этади. Ҳозирда каталонияликлар ҳам унинг ўрнини эгаллайдиган янги супер футболчи изламоқда. Ла Лига эса ўз даражасини сақлаб қолиши учун Холанд ва Мбаппе керак. Сўнгги маълумотларга кўра, Холанднинг отаси ва агенти Барселонага келган ҳамда клуб раҳбарияти билан учрашган. “Реал” эса Мбаппени тинимсиз “таъқиб” қилмоқда. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бизни яқин келажакда юлдузларга бой “эль-класико” кутмоқда.
“Реал”га ёрқин ҳужумчилар керак
Бензема энди ёш йигит эмас. У Рамос, Кроос, Марсело ва Модрич каби “Реал”нинг “қариялар” рўйхатига киради. Авваллари Бэйл, Роналду, Бензема учлиги рақиб ҳимоячиларини шунчаки сочиб юборар эди. Ҳозир ғалаба қозониш қийинлашган.
“Қироллик клуби”нинг асосий рақиби – “Барселона” таркибни сезиларли даражада ёшартирди. Шундай экан Перес ҳам зудлик билан таркибга ёш иқтидор эгаларини олиб келиши керак. Дунёнинг энг бой ва энг машҳур клубларидан бири мақоми “Реал”га бу борада ёрдам беради. Мбаппе Мадридга келишга рози бўлади. Чунки Перес уни қандай қўлга киритишни билади.
“Реал” трансферлар учун пул топади
Кўпчилик Мбаппе ва Холанднинг “Реал”га ўтиши ҳақида гапирмоқда, аммо Переснинг бюджетида қанча пули бор? Флорентино ҳозир 74 ёшда ва унинг ҳисобида 2,2 млрд евро пули бор. Таққослаш учун, “Барселона” президенти Жоан Лапортанинг 15 млн евро шахсий маблағи бор.
“Барселона” молиявий инқироздан чиқиш учун катта ҳомийлик шартномалари имзолайди, етакчи футболчиларини сотади. “Реал” эса истаган пайт истаганича кредит олиши мумкин. Чунки Перес ушбу қарзларни ўз ҳисобидан қайтаришни шахсан кафолатлайди. Шу боис Мбаппе учун 180 млн евро топиш “Реал” учун муаммо эмас.
Франция чемпионатидан Ла Лигага кўчиб ўтиб, муваффақиятли ўйнаб кета олган футболчилар талайгина. Зидан ва Роналдиньо бунга яққол мисол бўла олади. Шундай экан Мбаппе ҳам бемалол Испанияда ўзининг юқори даражасини намойиш эта олади. Аммо Холанд учун Ла Лига ҳақиқий синов бўлиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам шуниси аниқки, ушбу икки бўлажак футбол қиролларини “эл-класико”да кўриш барча мухлислар учун ёқимли бўлади.
Фикрлар