Мексика қуролли кучлари Жанубий Корея терма жамоаси машғулот базаси яқинида дронни тўхтатди
Мексикада жаҳон чемпионати ўйинлари олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Маҳаллий ҳарбийлар Жанубий Корея терма жамоасининг машғулот базаси яқинида учиб юрган дронни ушлаб қолишди.
Федерал ҳокимият вакилига таяниб хабар берган Ассошиэйтед Пресс агентлигига кўра, дрон Жанубий Корея ва Мексика ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳси олдидан терма жамоа машғулот ўтаётган ҳудудга яқин жойда аниқланган.
Расмий маълумотда қайд этилишича, ҳарбийлар дронни перехват қилиб, уни йўқ қилган. Ҳодиса тафсилотлари, шу жумладан дрон кимга тегишли экани ва унинг мақсади ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.
Сўнгги кунларда Мексика хавфсизлик хизматлари Мехико, Гвадалахара ва Монтеррей шаҳарларидаги стадионлар атрофида, шунингдек жамоалар машғулот базалари яқинида яна бир нечта дронни нейтраллаштиргани маълум қилинган. Ушбу шаҳарларда жаҳон чемпионати учрашувлари ўтказилмоқда.
Жанубий Корея ва Мексика терма жамоалари ўртасидаги ўйин 19 июнь куни Гвадалахарадаги стадионда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Фикрлар