“Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади

14 май куни Тошкентда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги “ Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади

4 май куни Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясининг анжуманлар залида, 14 майда Ҳумо Арена спорт мажмуасининг старт-финиш майдончасида бўлиб ўтадиган “Мен ғолиб” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақасини ўтказишга тайёргарлик кўришга бағишланган матбуот брифинги бўлиб ўтди.

Оммавий югуриш мусобақаси Енгил атлетика федерацияси, бош ҳамкор – «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида ташкил қилинмоқда.

“Мен ғолиб” ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси анъанавий равишда муҳим давлат саналари – Ватан ҳимоячилари куни, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа кучлари ташкил этилганлиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунини нишонлашга бағишланган ҳолда ўтказилади.

Куч ишлатувчи тузилмалар ходимлари, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, спорт клублари аъзолари ва фаол ҳаёт тарзини севувчилар йилига икки маротаба жамоавий ва яккалик оммавий югуриш мусобақасида қатнашадилар.

“Мен ғолиб” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш пойгасини ўтказишдан кўзланган мақсад аҳоли ўртасида югуриш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг спорт руҳини сақлаш ва дўстона спорт алоқаларини ривожлантириш, куч ишлатувчи тузилмалар идораларининг вакиллари орасидан энг кучли жамоаларни аниқлашга қаратилган.

Бўлиб ўтадиган “Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси 14 май куни ўтказилиб, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланади.

Ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси йилдан йилга куч ишлатувчи тузилмалар ва югуриш ҳаваскорлари орасида катта қизиқиш қозонмоқда. Ушбу спорт тадбири илк маротаба 2000 га яқин иштирокчини бирлаштиради. Оммавий югуриш мусобақасининг дастури кенгайтирилди ва унга 3 та масофа киритилди: ярим марафон – 21,1 км,  чорак марафон - 10,5 км ва 3 км га оммавий югуриш мусобақаси. Оммавий югуриш мусобақалари ўтказиладиган кунда иштирокчилар йиғилиши - 06:00 да бошланади, старт 07:00 да берилади.

“Мен ғолиб” кубогини қўлга киритиш учун Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакилларидан иборат 7 та жамоа ҳамда куч ишлатувчи тузилмалар таълим муассасаларининг 6 та жамоаси кураш олиб боради.

Ташкилотчилар томонидан 14 та номинация учун қимматбаҳо совғалар кўзда тутилган: планшет, смартфон, смарт соатлар, электр скутерлар, ноутбуклар ва эсдалик сертификатлари.

“Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақасида қатнашиш истагини билдирган барча югурувчилар 10 майга қадар Iticket.uz сайтида пуллик рўйхатдан ўтган ҳолда ариза топширишлари мумкин.

Спорт мусобақасини ўтказиш шартлари билан батафсил танишиш учун Енгил атлетика федерацияси сайтида “Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақасининг иловаси жойлаштирилган.

МУҲИМ: “Мен ғолиб” мусобақаларининг иштирокчилари 2021 йилдан 2023 йилгача циклик спорт турларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бўлмаслиги шарт: енгил атлетика, триатлон, дуатлон, велоспорт, ёзги биатлон.

Ўзбекистон Республикаси

Енгил атлетика федерациясининг

Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!