"Мени фақат энг яхши дарвозабон деб топишмади холос". Зоран Марушич нега "Нефтчи"ни эмас, "Навбаҳор"ни танлагани, "Динамо" (Тбилиси)дан қандай кетгани ва Бабаян ҳақида
“Навбаҳор” клубининг кишки селекцияда амалга оширган трансферларидан бири ҳисобланган Зоран Марушич кўпчилик томонидан илиқ қарши олинмоқда. Сербиялик 29 ёшли ҳужумчи ўтган йили Тбилисининг “Динамо” клубида тўп сурган ҳолда ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди. Яхши ҳужумчилиги боис уни ўз сафида кўришни хоҳлаган клублар талайгина эди. Ўзбекистондан эса “Навбаҳор” билан “Нефтчи” Марушич учун жиддий кураш олиб боришди. Якунда Самвел Бабаян уни Наманганга олиб келишга муваффақ бўлди.
Наманганга қилган сафаримиз чоғида Зоран билан Sports.uz учун суҳбатлашишни режа қилгандик. Шу боис клуб истиқомат қилаётган “Наманган” меҳмонхонасида сербиялик футболчи билан учрашдик. Аввалига у бироз шошиб турганини айтди, лекин кўп вақтини олмаслигимизни билдирдик ва уни суҳбатга кўндирдик.
- Зоран, “Навбаҳор” клубига хуш келибсиз! “Навбаҳор” сизнинг фаолиятингизда янги чорлов. Айни чоғда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Аввало илтифот учун сизга миннатдорлик билдирмоқчиман. “Навбаҳор” – жуда ажойиб жамоа. Илк кунданоқ клуб ҳақида менда фақат яхши таассуротлар қоляпти. Жамоадаги муҳит аъло даражада. Барчанинг кайфияти супер, десам ҳам муболаға бўлмайди. Биз бутун диққат-эътиборимизни янги мавсумга тайёргарлик кўриш ишларига қаратганмиз. Бу йўлда режалар тузилган бўлиб, уларни навбати билан бажаришга тушамиз. Мавсум биз учун жароҳатларсиз бўлишини истайман.
- Агар сир бўлмаса, “Навбаҳор” ҳақида сизга биринчи бўлиб ким гапириб берди ва кўчиб келишни тавсия қилди?
- Сербиялик икки агент (кулади, Зоран ёнидаги Цигер ва Жокичга қараб. Муаллиф). Серб миллатига мансуб икки нафар футболчи “Навбаҳор”да тўп суришидан хабар топдим. Қайсидир маънода, ўша ўйинчилар ҳам мен учун агент вазифасини ўтаб беришди. Бунинг ҳеч қандай сирли жойи йўқ. Агентим билан мавжуд вариантларни ўрганиб, “Навбаҳор” танловида тўхташга қарор қилдик. Бу ерга келганимдан хурсандман. Энг асосийси, мени жамоада жуда илиқ қарши олдилар. Энди асосий мақсадим голлар киритган ҳолда “Навбаҳор”га учрашувларни ғалаба билан тамомлашида ёрдам беришдан иборат.
- Айтинг-чи, бу ерга келгунингизга қадар Ўзбекистон чемпионати ҳақида қандайдир маълумотларга эга эдингизми?
- Йўқ, унчалик эмас. Энди менда нафақат ўзбек биринчилигини, балки ўзим яшайдиган шаҳарни яхшилаб ўрганиш учун вақт етарли, деб ўйлайман.
- Эшитишимча, “Динамо” Тбилисидан кетиб қолишингиз можароли тарзда содир бўлибди, шу тўғрими?
- Муаммолар йўқ эмасди, албатта. Бу хусусида адвокатимдан тўлиқроқ маълумот олишингиз мумкин. Менда “Динамо”да қолиш варианти ҳам йўқ эмасди. Қолаверса, мавжуд муаммоларга қарамасдан, мендан “Динамо”да қолишни сўрашди ҳам. Мен эса кетишни хоҳладим. Шартномам билан боғлиқ бирор-бир муаммони юзага келтирмаган ҳолда “Динамо”ни тарк этдим. Шартномамнинг бандларидаги бузилиш ҳақидаги гаплар мутлақо асоссиз. Акс ҳолда мендан қолишни сўрамаган бўлишарди.
- Демак, ҳаммаси жойда экан-да?
- Ҳозир ҳаммаси жойида, жараён ўз йўлида давом этмоқда.
- Биздаги маълумотларга қараганда, Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ҳам сизга жиддий қизиқиш билдирган. Бунга қандай изоҳ берасиз? Нега уларнинг таклифига рози бўлмадингиз?
- Нима деб жавоб қайтаришни ҳам билмайман. Менда иккита жамоа билан боғлиқ вариант бор эди. Ўйлаб кўрдим. Охир-оқибат ўйлаб шу ерда қолишни хоҳладим. Умид қиламанки, мен бу тўхтамга келиб хато қилмадим. Чунки “Навбаҳор”га ўтиш истаги менинг охирги хоҳишим эди.
- Эндиликда клубга Самвел Бабаян устозлик қилмоқда. У билан илк бор ишлаяпсиз. Ушбу мутахассис ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.
- У дастлабки суҳбатимиздаёқ менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Самвел Бабаян – жиддий, ўз ишини яхши биладиган мутахассис. Профессионал мураббий! Бу ерга келган дастлабки пайтимда менда тайёргарлик унчалик яхши эмасди. Мураббий эса буни тушуниб, жисмоний ҳолатимни оптимал даражага олиб чиқиш кераклигини айтди. Ўртамиздаги алоқа жуда яхши йўлга қўйилган бўлиб, бош мураббий машғулотларда мени 60 фоиз эмас, балки 100 фоиз ишлашим кераклигини айтмоқда. У аста-секинлик билан менда ҳаммаси жойида бўлиши учун иш олиб боряпти.
- Ўтган йил якунига кўра, сизни Грузияда энг яхши футболчи, деб эътироф қилишди, шундайми?
- Бу ҳаммаси эмас. Мен Грузияда энг яхши легионер, энг яхши тўпурар ва энг яхши футболчи номинацияларида ғолиб бўлдим. Шунингдек, энг яхши ассистент, деб ҳам айнан мени эътироф қилдилар.
- О, ютуқларингиз анча салмоқли бўлибди-ку!
- Мени фақат энг яхши дарвозабон, деб топишмади холос (кулади).
- Бу сизнинг Ўзбекистон чемпионатидаги дастлабки қадамингиз, тўғрими? Ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?
- Бу ерда ўйнаш, клуб олдига қўйилган вазифаларни бажарган ҳолда қимматли очколарни қўлга киритиш осон бўлмаслигини ҳозирданоқ англаб турибман. Ҳаммаси режа асосида кетадиган бўлса, “Навбаҳор” чемпионлик учун курашади. Бу йўлда бор кучимни ишга солишга ваъда бераман.
Фикрлар