"Мени нега истеъфога чиқаришганини раҳбариятдан сўранг" ёхуд "Динамо"ни тарк этган Предраг Роган ҳали ҳам Самарқандда юрибди, сабаби...
Хабарингиз бор, яқинда “Динамо” клубида бош мураббий ўзгарди. Мавсум бошида самарқандликлар жамоада иш бошлаган сербиялик Предраг Роган чемпионатнинг 9-турида “Металлург”га бой берилган аламли ўйиндан кейин раҳбарият томонидан истеъфога чиқариб юборилди.
“Динамо” Роган бошчилигида 1 ғалаба, 3 дуранг ва 5 мағлубият қайд этди. Лекин “Динамо” Рогансиз ҳам 10-турда мағлуб бўлганини биласиз. Унинг ўрнини эгаллаган Андрей Шипиловнинг самарқандликлар устози сифатида илк ўйини муваффақиятсиз чиқди. Сербиялик мутахассис “Динамо”ни тарк этгач, Sports.uz сайтига интервью берди.
- Жаноб Роган, Бекободдаги мағлубиятдан кейин "Динамо"дан истеъфога чиқарилишингиз мумкинлигини сира кутмагандик...
- Спортда, жумладан футболда юз бериши мумкин бўлган кутилмаган воқеаларни ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Мана, футбол спортнинг энг кутилмаган ва тахмин қилиб бўлмайдиган турларидан бири ҳисобланади. Негаки, ўйин қандай ниҳоясига етиши мумкинлигини сира билиб бўлмаслиги учун ҳам футбол жуда оммабоп спорт туридир. Истеъфога чиқариб юборилишим сабаби ҳақида эса яхшиси, раҳбариятга мурожаат қилганингиз маъқул.
- Айтинг-чи, хаёлингиздан истеъфога чиқарилишим учун муносиб эмасдим-ку, деган фикр ҳам ўтяптими?
- Албатта, мен ҳам ўйинда қайд этилган натижадан кўнглим тўлгани йўқ. Айниқса, иккита ўйинни ундаги йўқотилган вақтларни қоплаб бериш учун қўшиб берилган дақиқаларда бой бериш (90+4, 90+5) кишига жуда алам қилади. Менинг табиатимда бошлаган ишни оғир вазият юзага келганда ташлаб кетиш ҳолати бўлмаган. Мен фақат вазиятни яхши томонга ўзгартира олишимга ақлим етмаган тақдирдагина кетишим мумкин холос. Албатта, бўлиб ўтган ҳолатларни обдон таҳлил қилмасдан туриб, ишдан кетиш кишига ёқмайди. Юқорида айтганимдек, ишдан бўшатилишим ҳақидаги қарорни раҳбарият қабул қилган. Шу сабаб, бу хусусида юқоридагилардан сўраганингиз маъқулроқ.
- Жамоа ичидаги муҳит қандай ҳолатда эди?
- Профессионал мақомдаги футболчиларимиз билан аҳил бир оиладек бўлгандик. Шунинг учун менга ҳам профессионал таркиб ва барча ўйинчилар билан биргаликда ишлаш ёқимли бўлди. Жамоадагилар мени ҳурмат қилишди. Шунга яраша муомалада бўлганлари учун барчаларига миннатдорлик билдириб қоламан. Кези келганда, жамоамизнинг ҳақиқий, жонкуяр мухлисларини эслаб ўтишим жоиз. Улар қандай муаммолар билан курашаётганимизга қарамай, чарчоқ билмаган ҳолда мунтазам равишда бизни қўллаб-қувватлаб турдилар. Клубда иш бошлаган илк кунларимиздан то кетгунимизга қадар мухлисларимиз бизни ёлғизлатиб қўймай, чин қалбидан қўлладилар. Бундай муносабатни унутиб бўлмайди.
- Нима деб ўйлайсиз, таркиб тўғри танлаб олинганмиди?
- Олдинги даврда бир қанча муаммолар бўлганди. Бу ҳолат машғулот жараёнидан бошлаб то ҳақиқий жамоани ташкил этиш учун давом этиб келди. Ўйлайманки, барча спортчилар, ўзбекистонлик мухлислар бугунги “Динамо”нинг бутунлай бошқача жамоага айланганини кўриб туришибди. Истардимки, клубни Суперлигага олиб чиққан таркиб ўзаги бундан кейин ҳам сақланиб қолса айни муддао бўларди. Аммо...(энди бу менинг ваколатимга кирадиган масала ҳисобланмайди). “Динамо”га айни кўнгилдагидек футболчилар олиб келинганини айтиб ўтишим керак бўлади. 4 нафар легионердан фақат 2 тасигина ўз ҳолатларидан кўнгиллари тўлганди. Албатта, уй ўйинчилари ҳақида менда етарли маълумот бўлмай, уларни клуб мутасаддилари таркибга жалб этгандилар. Шу сабаб уларнинг қандай савиядаги ижрочилар эканлигини аввал бошидан билмагандим. Ўша футболчиларнинг кўплаб қисми олдинги жамоаларида қандай тўп суришганини билмайман-у, уларда Суперлига мақомидаги учрашувларда тўпланган тажриба етарли бўлмагани сезилиб турарди. Мени ва штабимдаги профессионал ёрдамчиларимни ўта масъулиятли иш кутиб турарди. Ўтган вақт давомида бизни атрофдагилар қўлдан келганча қувватлаб туришга ҳаракат қилишганини айтиб ўтишим даркор.
- Ҳозирча Самарқанддасиз. Сербияга қайтиб борганингиздан кейин режангиз қандай бўлади?
- Гапингиз рост, ҳозирча Самарқанддаман ва ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишим керак. Умид қиламанки, жорий ой охирига бориб Сербияга қайтаман ва оила-аъзоларимни меҳр ила бағримга босаман.
Фикрлар