"Менимча, "Металлург"га қайтмасам керак, четга кетишга шошилмаяпман" - Иброҳим Ибрагимов
Юртимизда истеъдод эгалари жуда кўп. Улардан бири саналган Иброҳим Ибрагимов хусусида ҳам жуда илиқ фикрлар янграяпти.
Ибрагимов 2023 йилнинг иккинчи ярмини ижара ҳисобида “Олимпик”да ўтказди. Унгача эса “Металлург” шарафини ҳимоя қилиб келаётганди.
Ҳуқуқий томондан ҳам футболчи бекободликларга тегишли. Бироқ 2024 йилда иқтидорли ярим ҳимоячи бу йилги мавсумни бошқа клубда ўтказмоқчи.
- Иброҳимжон, 2023 йилни "Металлург"да бошлаб, "Олимпик"да тугатдингиз. Бу йил сизга нимаси билан кўпроқ ёдда қолди? Нимадан кўнглингиз тўлди ва тўлмади?
- 2023 йил мен учун жуда ажойиб ўтди. Катта тажриба тўпладим. Олдинга қараб ўсдим, деб ўйлайман. Эсда қоларли лаҳзалар кўп бўлди. Осиё ўйинларида қатнашиб, учинчи ўринни олдик. Ўзбекистон чемпионатида яхши қатнашдик, “Металлург”да ҳам, “Олимпик”да ҳам. Голлар урдим ва сермаҳсул ўйин кўрсатдим. 24 та учрашувда майдонга тушдим. 2023 йилги мавсум менга жуда омадли келди, деб ўйлайман. Қолаверса, 4 та гол ҳам урдим. Энг эсда қоларлиги “Навбаҳор”га урган голим бўлди, ўзимга ҳам жуда ёқди.
- Адашмасам, "Металлург" билан яна амалда шартномангиз бор. Янги мавсум учун эса сизга бир қатор клублар жиддий қизиқаётганди. Хўш, 2024 йилни қайси жамоада бошлайдиган бўлдингиз?
- Янги мавсум ҳақида гапирадиган бўлсам, “Металлург” билан бир йиллик шартномам бор. Лекин, менимча, “Металлург”га қайтмасам керак. Чунки бошқа жамоалар билан музокаралар олиб боряпмиз. Бу жараён давом этяпти, Худо хоҳласа, янгилик бўлиб қолади. Қолгани “Металлург”га боғлиқ. Клублар трансфер нархларини келишиб олса, бемалол сотиб олишса бўлади.
- Сиз сингари иқтидор эгаларига четдан ҳам таклифлар бўлаётгани табиий ҳолат. Жумладан, сизга хориждан қизиқишлар борлиги ҳақида эшитгандим. Айнан қайси мамлакатдан чорловлар бор ва ўзингизни легионер сифатида синаб кўришга тайёрман деб айта оласизми?
- Ҳозирча чет элга шошилмаяпман. Вариантлар чиқди. Барибир амалда шартномам ҳам бор. Ҳозирча хорижда ўйнашга унчалик иштиёқим йўқ. Бу йил Ўзбекистон олимпия терма жамоасида муҳим ўйинларимиз бор. Мақсадимиз Олимпиадага чиқиш. Кейин барчаси аста-секин бўлади, ҳали хорижда тўп суришга улгурамиз.
- Айнан "Навбаҳор"га қарши сиз билан боғлиқ қизиқ воқеалар бўлди. Биринчи даврада Наманганда "Металлург" сафида қизил карточка олдингиз. Иккинчи даврада эса "Олимпик" сафида гол урдингиз. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Биринчи даврада “Металлург” таркибида “Навбаҳор”га қарши учрашувда қизил карточка олганман. Ёшлик қилибми, унчалик тажрибам камлигигами, провокацияга учраб қизил карточка олдим. Бу менга катта дарс бўлди. Худога шукр, иккинчи даврада ўша клубга қарши учрашувда юзим ёруғ бўлиб, гол уришга эришдим. Бундан хурсандман.
- "Навбаҳор" клубининг сизга қизиқаётган клублар орасида таклифи жиддий экани ростми?
- Йўқ, жиддий эмас.
- 2024 йилда олдингизга қўйган асосий мақсадингиз нима?
- 2024 йилдаги энг катта мақсадимиз Олимпиадага чиқиб, Ўзбекистонга олтин медални олиб келиш.
- Охирги савол! Ўзбекистонда сиз ўйнашни истайдиган клуб қайси?
- “Пахтакор” билан “Насаф”.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар