Месси қайси жамоага мухлислик қилишини айтди
“Интер Майами” клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси гарчи “Барселона”дан мажбуран кетган ва клуб раҳбарияти билан муносабати бузилган бўлса-да, ҳозир ҳам ушбу жамоага мухлислик қилишини тасдиқлади.
- “Барселона”га ҳамон мухлислик қиламан. Ҳозирги жамоамда илгари Каталонияда бирга ўйнаган бир неча футболчи бор. Улар билан бирга ҳардоим “Барселона”да бўлаётган воқеаларни, натижаларни муҳокама қиламиз, - деди Месси Sport.es нашрига берган интервьюсида.
Месси ҳозир “Интер Майами”да “Барселона”даги собиқ жамоадошлари Луис Суарес, Серхио Бускетс ва Жорди Альба билан бирга ўйнаяпти. Жамоа бош мураббийи Хавьер Маскерано ҳам ўз даврида Лео билан бирга тўп тепган.
Фаолиятининг асосий қисмини “Барселона”да ўтказган аргентиналик юлдуз бу жамоа сафида жами 778 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 672 та гол ва 303 та ассист ёздириб қўйган. Бу даврда у 10 марта Испания чемпиони, 7 бор мамлакат кубоги соҳиби ва 4 маротаба Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган.



Фикрлар