"Металлург" легионери билан хайрлашди
Бекободнинг “Металлург” жамоаси эронлик ҳимоячиси Ризо Яздандўст билан дўстона хайрлашди. Суперлиганинг 12-туридан ўрин олган “Металлург” – “Насаф” учрашувидан кейиноқ Ризо оилавий сабабларига кўра клуб раҳбариятидан у билан тузилган шартномани бекор қилиш юзасидан ариза қолдирганди.
Суперлиганинг 13-турида “Олимпик”ка қарши учрашув арафасида Ризо Яздандўст юртига қайтиб кетганлиги сабабли "Металлург"га ёрдам бера олмади. Тез орада унинг онаси жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиши лозим. Шу сабабдан ҳам Яздандўст онаси ёнида бўлишни хохлади. “Металлург” футбол клуби раҳбарияти Ризо Яздандўст билан боғлик вазиятни ўрганиб чиқди ва футболчининг сўровини қондиришга қарор қилди. Томонлар келишишган ҳолда икки ёқлама шартномани бекор қилишди.
Ризо Яздандўст 2023 йилнинг иккинчи ярмидан бекободликлар таркибига келиб қўшилганди. Бир йилдан зиёдроқ вақт мобайнида у “Металлург” таркибида Суперлиганинг 21 та учрашувида майдонга тушди.1 та гол киритди. 8 марта сариқ карточка билан жазоланди. Ўзбекистон Кубоги баҳсларида эса 3 та ўйинда 114 дақиқа майдонда тўп сурди, - дея хабар бермоқда клуб матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, авваллроқ "Металлург" раҳбарияти черногориялик ҳужумчиси Бобан Жоржевич билан ҳам хайрлашишганди.
Фикрлар