"Металлург" мураббийи 1:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг: "Таркибимиздаги ёш футболчиларга бугун Черандек маҳорат етишмади"

Ўзбекистон Суперлигаси 4-туридан ўрин олган “Металлург” – “Пахтакор” (1:3) учрашувидан сўнг мезбонлар мураббийи Илёс Қурбонов ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Кўп вақтимиз йўқ эди ва 3-4 кун ичида рақибни ўрганиб чиқиб, режа тузгандик. Ўйлайманки, биз режани амалга ошира олдик, фақат уни якунлашга келганда хатолар қилдик. Таркибимиздаги ёш футболчиларга бугун Черандек маҳорат етишмади. Драган сингари футболчилар яримта вазиятдан ҳам унумли фойдалана олади. Ҳимоячиларга унга нисбатан яқин масофада ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлаган эдим. Улар эътиборни йўқотишди. Ўтказиб юборилган иккинчи гол умуман керак эмасди. Фикримча, ҳисоб ўйинга мос бўлмади.

Обрадович шамоллаб қолгани сабаб бугун жамоамизга ёрдам бера олмади. Юқорида таъкидлаганимдек, тайёргарлик учун 3-4 кун вақтимиз бўлди холос. Бундай қисқа вақтда кучли мутахассислар ҳам жамоани яхши тайёрлай олмайди.

Келгуси турдаги “Сўғдиёна”га қарши баҳс учун жамоани янги хорижлик мутахассис тайёрлайди. Умид қиламанки, у “Металлург”да яхши ўйинни йўлга қўяди”, – деди Қурбонов.

ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!