"Металлург" ўртоқлик ўйинида тожик клубини йирик ҳисобда енгди
Биринчи даврадан кейин берилган кичик таътил якунига етгач, 9 июль санасидан эътиборан Бекободнинг “Металлург” жамоаси иккинчи даврага тайёргарликни ўз қароргоҳида давом эттирмоқда.
Янги мураббийлар штаби ҳар куни икки маҳалда машғулотлар жараёнини олиб боришди. Куннинг биринчи ярмида эътибор жисмоний тайёргарликни тиклаш машқларига қаратилган бўлса, куннинг иккинчи таймида майдонда, тўп билан ишлаш, ўйин услубини такомиллаштириш, турли комбинациялар, стандарт вазиятлар устида ишланди.
Кеча биринчи ҳафта машғулотларининг мантиқий якуни – назорат учрашуви билан цикл поёнига етди. Ўртоқлик учрашуви учун Бекободга Тожикистоннинг “Истаравшан” жамоаси ташриф буюрди. Ҳар бири 35 дақиқадан 3 та таймдан иборат бўлган ўйинда “Металлург” йирик - 5:0 ҳисобда ғалаба қозонди. Мезбонлар таркибида бир қатор янги ўйинчилар ҳам синовдан ўтказилди.
"Металлург" матбуот хизмати.
Фикрлар