"Металлург" Ўзбекистон U-20 терма жамоасига қарши ўйинда қандай натижа қайд этди?
ФИФА кунлари муносабати билан чемпионатимизда юзага келган бўшлиқни “Металлург” мураббийлари кўрик-назорат учрашуви билан тўлдиришди. Бугун Бекободга Осиё чемпионатига ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ташриф буюрди.
Ёшларга қарши ўтказилган спарринг рақобат анчагина қизиқарли ўйинни тақдим этди. Биринчи бўлимда “Металлург” мураббийлари штаби асосий таркибда камроқ ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчиларни майдонга туширишди. Бу тайм “Металлург” жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Стандарт вазиятда – бурчакдан тўп узатилганда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳимоячиси Шерзод Эсонов ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди.
Иккинчи бўлимда Луисма Эрнандес таркибни тўлиқ алмаштирди ва майдонга “Металлург U-21” ўйинчилари туширилди. Натижада ташаббус Равшан Ҳайдаров шогирдлари томонига ўтди ва Рустам Турдимуродов ва Шаҳриёр Жабборовлар томонидан киритилган голлар эвазига Ўзбекистон U-20 жамоаси зафар қучди. Ёшлар терма жамоаси йиғинига чақирилган “Металлург” посбони Ҳумоюншоҳ Сайётовга бугун дам берилди. Ярим ҳимоячи Шаҳзоджон Неъматжонов эса ёшлар терма жамоасининг биринчи голига ассистентлик қилди.
Назорат учрашуви
“Металлург” – Ўзбекистон U-20 терма жамоаси – 1:2 (1:0).
Бекобод. 26 март. “Металлург” марказий стадиони.
Ҳакамлар: Аскер Нажафалиев, Руслан Серазетдинов, Алишер Усмонов
Голлар: Шерзод Эсонов (автогол) – Рустам Турдимуродов, Шаҳриёр Жабборов.
"Металлург" матбуот хизмати.
Фикрлар