"Металлург" таркибида қандай ўзгаришлар бўлади? Бош мураббийнинг иши раҳбариятни қониқтиряптими?
Бекободнинг “Металлург” жамоаси ҳозирча 8 очко жамғариб мусобақа жадвалида 11-поғонани эгаллаб турибди. Ҳисобида 2 ғалаба, 2 дуранг ва 7 мағлубият бор.
Чемпионатнинг дастлабки турларидан кейин бош мураббий ўзгартирилганидан хабарингиз бор. Черногориялик Веско Стешевичга ишонч билдирилди. Лекин шунда ҳам “Металлург”ни ўзини тиклаб олиши осон эмаслиги кўринди. Балки янги мураббийга ўйин услубини жорий қилиш учун вақт керак бўлаётгандир ва аслида ҳам шундай.
Жамоа бошлиғи Шавкат Саидовга айнан бош мураббий масаласи, таркибда қанақа ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги каби саволлар билан мурожаат қилдик.
- Суперлигада юзага келган танаффусда “Металлург” жамоасининг режаси қандай?
- 7 июнь куни ўз қароргоҳимизда йиғиламиз. Иккита ўртоқлик учрашуви режалаштириляпти. Ҳали рақиблар номаълум. Чемпионат доирасида “Турон” билан ўйнаймиз. Дарвқое, Ўзбекистон Кубоги қуръасига қараб режа яна ўзгариши ҳам мумкин.
- Янги бош мураббий Веско Стешевичнинг иш услуби бўйича дастлабки хулосаларингиз қандай?
- Янги мураббий келганидан кейин барча футболчиларга имконият берди, ҳаммаси билан яқиндан танишди, бу орада бир-икки ҳафта ўтди. 3-4 та учрашувда 20 тача футболчининг хизматидан фойдаланди ва ўзи учун хулосалар чиқарди. Ҳаммани кўриб олди. 80 фоиз футболчиларимизни жисмоний ҳолати бошида етарли даражада эмасди. Мураббийнинг кўрсатмаси билан бу хусусида ишлашди ва охирги учрашувларга келиб жисмоний томонлама кўрсаткичлари анча яхшиланди. Ўйин ҳам, натижалар ҳам ўзгаргани билиняпти. Барибир қишда жисмоний тайёргарлик меъёрида бўлмагани таъсир кўрсатди.
- Ёзги трансфер пайтида жамоа таркибида жиддий ўзгаришлар кўрамизми? Масалан, кимларгадир жавоб бериш эҳтимоли борми?
- Албатта ҳар бир жамоани иккинчи давра олдидан таркибини кучайтириш режалари бўлади. Бизда ҳимоя, ҳужум каби чизиқларимизни кучайтириш режамиз бор. Лекин ҳали аниқ кимгадир жавоб бериш ёки кимнидир таклиф қилиш масаласи кўтарилмаган. Барчаси молиявий имкониятга бориб тақалади. Режамиз бор, бироқ ҳали кимнидир кетиши ёки келиши номаълум.
- Лекин “Металлург” янги футболчилар билан музокара олиб бораётгани тўғрисида гап-сўзлар йўқ эмас. Сир бўлмаса, кимлар келиши мумкин?
- 3-4 та позицияни кучайтириш режада бор. Айниқса, боя айтганимдек, ҳимоя билан ҳужум чизиғини. Бироқ ҳали ҳеч ким билан музокара олиб бормаяпмиз. Аввало, бунинг учун раҳбариятдан рухсат олиш керак, маблағ ажратиш учун. Қолаверса, кимгадир жавоб беришни ўзи ҳам бир муаммо. Чунки ҳаммасини шартномалари бор. Менимча, кўп нарса биринчи давра якунидан кейин маълум бўлади. Тўғрисини айтсам, бугунги кунда барча футболчиларни машғулотлардаги ҳаракатлари, фодийлиги, жисмоний тайёргарлиги, каби кўрсаткичлари қувонтиряпти. Режада кимнидир олиб ташлаш йўқ. Лекин кучайтириш кераклиги ҳақида мураббий ҳам айтяпти.
- Демак, бош мураббий сизларни талабингизни қониқтиряпти-а?
- Стешевич келганида бошида “Сўғдиёна” билан дуранг ўйнадик, ютиш эҳтимолимиз кўпроқ эди. Кейин ОКМКни мағлуб этдик. “Андижон” билан учрашувда бошланди, нокаут қаттиқ таъсир қилди. Кетма-кет 4 та учрашувда ютқаздик. Ўша даврда чиндан ҳам кўплаб футболчиларга имконият берилди. Қишда йигитларни жисмоний кўрсаткичлари яхши бўлмагани ўз таъсирини кўрсатди. Кейинчалик вазият яхшиланиб борди. Уйда “Насаф” билан беллашувда ғалабага яқин эдик. Ҳакамни хатоси билан уч очко йўқотдик. “Сурхон”га қарши биринчи таймда ёмон ўйнадик. Иккинчи бўлимда бир томонда ўйин бўлди ва дуранг бўлиши керак эди. “Бунёдкор” билан баҳсда ўйин томонидан рақибдан кўра яхшироқ ўйнадик, деб ўйлайман, аммо дуранг бўлди. Кубок доирасида “Нефтчи”ни мағлуб этдик ва кейинги босқичга чиқдик. Ўйинимиз анча яхши томонга ўзгарган. Сабаби, мураббий машғулотларда ва ўйинда ижобий ўзгаришларни қиляпти. Йигитларга айтарли катта эътирозлар йўқ. Бундан ташқари, таркибимиздаги футболчиларни маошлари катта эмас, ҳаммаси шунга ярашада. Барибир иккинчи даврада ўзгариш бўлади. Фақат ҳозирдан аниқ ким келади ва ким кетади, буни айта олмайман. “Турон” билан баҳсдан кейин маълум бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар