Ads

Жума оқшомида Ўзбекистон Суперлигасида 2-тур ўйинлари давом эттирилди. Амалдаги чемпион - Тошкентнинг "Локомотив" клуби ўз майдонида "Металлург"ни қабул қилди.

Мазкур ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Учрашувдан сўнг "маъданчилар устози Андрей Шипилов ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда "Металлург" матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Аввало, мен “Локомотив” жамоасига ажойиб қабул ва бизга зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб берганлиги учун миннатдорчилик билдираман. Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсам, биринчи таймда футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмадик. Оддий хатоларимиз эвазига гол ўтказиб юбордик.

Танаффусдан кейин йигитлар барча кўрсатмаларни бекам-у кўст бажаришди ва бунинг учун улардан миннатдорман. Иккинчи таймда тезкорликни оширдик, иштиёқ эвазига керакли натижага эришдик. Ўтказиб юборилган голни ҳали таҳлил этамиз. Ўйиндан тўлиқ қониқмаган бўлсамда, натижа бизни хурсанд этди. Бугун биз бир очко ишладик. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп, йигитларни оптимал формамизга етказиш учун меҳнатдан тўхтамаслигимиз лозим", - деб айтиб ўтди Шипилов.