“Металлург”ни 5 футболчи тарк этди ва бир нафар ўйинчи ижарага берилди

Хабар берганимиздек, Бекободнинг “Металлург” жамоаси янги мавсум тадоригини январь ойининг иккинчи ҳафтасидан бошлашни режалаштирганди. Жамоа аъзолари кеча пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида жамланди. Бугундан машғулотлар “Дўстлик” стадионида бошланди. Аввалига футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини тиклаш машқларига эътибор қаратилди. Машғулот сўнгида эса, футболчилар тўп билан ишлашга ўтди.

Ўтган мавсум билан солиштирганда, “Металлург” таркибида бир қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Хусусан, ярим ҳимоячи Абдураҳмон Абдулҳақов жорий йилни ижара асосида Суперлига дебютанти – “Турон”га қўшилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Ҳимоячилар – Аббос Отахонов, Жасур Ўринов, ярим ҳимоячилар Муҳаммад Исаев, Худойшукур Сатторов, ҳужумчи Муродбек Бобожонов ҳам кейинги фаолиятини бошқа клубларда давом эттиради. Мазкур ўйинчилар билан шартнома муддати узайтирилмади ва улар эркин агент сифатида “Металлург”ни тарк этишди.

Бекободликларнинг мавсум олди йиғинида жамоа ўзаги сақлаб қолинган ҳолда ўтган йили мавсум кашфиёти бўлган U-21 жамоасидан қатор ўйинчилар жалб этилган. Бундан ташқари янги футболчилар ҳам кўрикдан ўтишяпти. Улардан кимлар билан шартнома имзоланишини вақт кўрсатади. Шундан кейингина клубга қабул қилинган янги ўйинчилар ҳақида батафсил маълумот берамиз.

“Металлург” U 21 жамоаси йиғини 21 январь санасидан Бекобод шаҳрида бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!