"Металлург"нинг тайёргарлик режаси маълум
“Металлург” жамоаси янги мавсумга илк тайёргарлик жараёнини 10 январь санасидан бошлайдиган бўлди. Шу куни мураббийлар штаби ҳамда футболчилар жамоанинг Бекобод шаҳридаги қароргоҳида жамланишади.
Бир ҳафталик машғулотлардан кейин йиғиннинг иккинчи қисми Тошкент шаҳрида давом эттирилиши кутиляпти. Пойтахтдаги йиғин давомида жамоамиз бир қатор назорат учрашувлари ўтказишга ҳам келишиб олган. 31 январь санасидан эътиборан эса “Металлург” ўқув-машғулот йиғинини хорижда – Туркияда давом эттиришни режалаштираяпти.
Илгари хабар берганимиздек, “Металлург” ўз таркибини беш нафар янги ўйинчи билан тўлдириб олди. Черногориялик ҳужумчилар – Марко Миличкович, Бобан Жоржевич, тожикистонлик ҳимоячи Даврон Эргашев, шунингдек, дарвозабон Раҳим Давронов ҳамда ярим ҳимоячи Сирожиддин Қўзиевлар билан шартнома имзоланди. Жамоа раҳбарияти Бекободда ва Тошкентда бўлиб ўтадиган йиғинлар давомида яна бир қатор янги номларни кўрикдан ўтказади.
"Металлург" матбуот хизмати.
Фикрлар