"Металлург"яна бир легионери билан хайрлашди

Суперлиганинг барча жамоалари сингари Бекободнинг “Металлург” клуби ҳам иккинчи давра баҳсларига жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Веско Стешевич етакчилигидаги футболчилар қисқа таътилдан кейин тайёргарликни асосан ўз қароргоҳида олиб борди.

Ҳар ҳафталик машғулотлар цикли эса назорат учрашувлари билан интиҳо топди. Дастлабки назорат учрашувида Про лига етакчиларидан бири “Локомотив” (Тошкент) билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекилган бўлса, иккинчи ҳафта якунида “қалдирғоч”ларга қарши ўйин ўтказилди. Пойтахтимиздаги “Бунёдкор” футбол академияси майдонида ўтган учрашув 3:2 ҳисобида меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи давра арафасида "Металлург" таркибида жузъий ўзгаришлар бўляпти. Онлайн трансляцияни кузатган бўлсангиз, айрим ўйинчиларнинг таркибда йўқлигини кўришингиз мумкин. Муқаддам, жамоа легионер ўйинчилари Марко Обрадович, Филип Стаменковичлар билан дўстона хайрлашилгани хабар қилинганди. Ўтган ҳафта клубни яна бир хорижлик футболчи – Владислав Касминин тарк этди. Ёзги трансфердан фойдаланган ҳолда у фаолиятини бошқа жамоада давом эттиришни ихтиёр этди.

Маҳаллий ўйинчилардан Абдувоҳид Охтоев, Арслонбек Баҳромов, Акбар Абдурасулов, Асилбек Қаюмов, Иброҳим Ибрагимов, Абдужалил Маназаров, Риан Исламов, Равшан Хайруллаевларга ҳам бошқа жамоаларда фаолият юритишларига рухсат берилди. Уларнинг аксарияти билан шартнома муддати ҳали якунига етгани йўқ. Фақат бекободликлар таркибида ўйин амалиётига кам эга бўлаётганликлари боис бошқа клубларда ижара асосида ўйнаш имконияти тақдим этилди. Уларнинг барчасига "Металлург"даги фаолиятлари учун миннатдорчилик билдирамиз, - дея хабар бермоқда, клуб матбуот хизмати.

Иккинчи давра учун жамоа ўз таркибини кучайтириш масаласини ҳам эсдан чиқаргани йўқ. Айни пайтда бир қатор тажрибали, маҳоратли ўйинчилар жамоа йиғинида қатнашяпти. Уларнинг аксарияти билан келишувга эришилган. Тез орада бу борада расмий хабар берилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!