Микаэль Секейра: "Рамазон ойида 9 кун ичида 3та ўйин ўтказиш, устига устак 16:30да – жуда қийин"
Ўзбекистон Кубогининг 2-тури доирасида “Турон” устидан қозонилган ғалабадан кейин, “Локомотив” бош мураббийи Микаэль Секейра ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Ўйинни яхши бошлай олмадик. Стартда ўзимизни кўрсата олмадик. Дастлабки 15 дақиқаликдан кейин ўзимизга келдик ва ўйинимиз очилиб кетди. Бугун ўйин услубимизни бироз ўзгартирдик. Мақсадимиз – Темурхўжа Aбдухолиқов ҳамда Марат Бикмаевни ёнма-ён ўйнатиш эди. Улар биз мўлжаллаган прессингни уюштириши талаб қилинганди. Рақиблар ҳужумда яхши ўйин кўрсата олмагани сабабли, ҳимояда тўпни олдинга тепиб юбораверишди.
Танаффусда ўйинни ўзгартириш учун футболчиларга керакли кўрсатмаларни бердик. Шунингдек, захирадан туширилган футболчилар ҳам ўзларини кўрсата олди. Бироқ учрашув жуда оғир ўтди. “Турон” ҳам яхши жамоа. Бугунги мақсад – ғалаба бўлганди. Тўғри, бундан-да яхшироқ ўйин кўрсатишимиз мумкин эди. Aммо керакли бўлган натижани қўлга киритиш учун ҳаракат қилдик. Бугунги ғалабамиз адолатли бўлди.
Учрашув якунига 20 дақиқа қолганида 10 киши бўлиб қолдик. Рўза ойида рақибдан бир киши кам бўлиб ўйнаш осон эмас. Шундай бўлса-да, футболчилар интилишди ва характер кўрсатди. Шу орқали улар ўзлари истаган натижага эриша олишларини намоён қилишди ва сўнгги дақиқаларда гол уришди. Бу жуда қийин, доим ҳам ўхшайвермайди. Яна бир бор “Локомотив” футболчиларини табриклайман. Шунингдек, бу ғалаба шу ерда ишлайдиган барчага, мухлисларга ҳам бағишланади. Футболчилар эса фантастик ўйин намойиш қилиб беришди.
Рамазон ойида 9 кун ичида 3та ўйин ўтказиш, устига устак 16:30да – жуда қийин. Нукусда ҳам иссиқ ҳаво бўлади. 3 кундан кейин у ерда ўйин ўйнаймиз. У ерда ҳам ютишга ҳаракат қиламиз. Бироқ осон бўлмайди. Осон ўйиннинг ўзи йўқ. У ерда майдон сунъий. Бироқ ҳар бир футболчимга ишонаман. Ким майдонга тушадиган бўлса, ўзининг максимал кучини намойиш қилади.
Фикрлар