Милан Митрович "Пахтакор"га кетиши мумкин эди. Аммо "Сўғдиёна" уни қандай сақлаб қолганини биласизми? Легионер билан суҳбат

Ўтган йили “Сўғдиёна”нинг чемпионатни 2-ўринда якунлишида катта ҳисса қўшган дарвозабон Милан Митрович ўзига билдирилган ишончни тўла оқлади.

У тўрт йилдирки, жиззахликлар шарафини муносиб ҳимоя қилиб келяпти. Ўтган йилги мавсумдан кейин Митровичнинг шартномаси тугагач, унга бўлган қизиқишлар янада кўпайди.

Легионер сифатида ишончни оқлагани боис сербиялик дарвозабоннинг хизматига эҳтиёж кўпайган бир пайтда “Сўғдиёна”нинг ушбу посбонни яна ўз сафида сақлаб қолиши осон иш эмасди. Аммо жиззахликлар Митрович билан ҳамкорликни яна давом эттириш йўлини топдилар.

- Милан, яқинда “Сўғдиёна” билан шартномангизни икки йилга узайтирдингиз. Айтинг-чи, нима учун икки йил? Бунинг учун клуб сизни қандай кўндирди?

- Ҳа, мен чиндан ҳам шартномамни яна икки йилга узайтирдим. Биз ўртадаги келишувни узайтириш масаласида ортиқча ўйланиб ўтирганимиз йўқ. Айниқса, ўтган мавсумни муваффақиятли якунлаганимиздан кейин шартномани янада узайтириш мен учун жуда ёқимли бўлди. Мен бу ерда бахтиёрман ва ўзимни худди уйдагидек ҳис қиляпман.

- Сир бўлмаса, хизматингизга қайси клублардан таклифлар бўлди? Ёки “Сўғдиёна” ҳаммасидан кўра кўпроқ маош таклиф қилдими?

- Бунинг ҳеч қандай сирли жойи йўқ. Шу ерда эканлигим ҳаммасини англатмайдими?! Менда “Пахтакор” ва “Сўғдиёна”дан таклифлар бор эди. Яширмайман, бошқа бир нечта вариантлар ҳам йўқ эмасди. Аммо “Сўғдиёна”дан бўлган таклиф мен учун жуда ёқимлиси саналади. Қолаверса, “Сўғдиёна”да 4 йилдан бери тўп суриб келяпман. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу ерда менга “Пахтакор”никидан ҳам яхшироқ шарт-шароитлар яратиб берилган.

милан1_1

- Жамоангиз билан айни пайтда Туркиядаги йиғинда қатнашяпсиз. Машғулотлар қандай кечяпти?

- Бизда ишлаш учун аъло даражадаги шароитлар бор. Биз ўз устимизда кўп ишлаяпмиз, аммо ҳали тайёргарлигимиз 100 фоизли даражада эмас. Буни шундан ҳам билиб олиш мумкинки, оёқларимиз ҳали оғир. Шу сабаб бироз чарчаб ҳам қолдик. Умид қиламанки, мавсум бошланишига икки ҳафта қолган экан, ҳаммасини ўз ўрнига туширамиз. Ўшанда мавсумнинг биринчи даврасига яхши ҳозирлик кўра олдик, дейиш мумкин бўлади.

- Кеча Россиянинг “Акрон” жамоасига қарши бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида “Сўғдиёна” 0:2 ни, 3:2 га айлантирди. Буни қандай уддалади?

- Кечаги ўйин анча оғир бўлгани ҳам юқорида айтган ва тайёргарлигимиз 100 фоиз эмас, деган гапимга тўла мос тушади. Ўйинда туб бурилиш ясай олганимизга келсак, “Сўғдиёна” беллашувнинг бошидан то охирги сониясигача курашишини ҳамма яхши билади. Биз 0:2 ҳисобида ортда қолаётганимизга қарамай, охиригача курашдик ва учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилишга муваффақ бўлдик. Шу фурсатдан бошлаб ўзимизда ғолибларга хос менталитетни шакллантиришимиз даркор.

милан444

- “Сўғдиёна”да дарвозабонлар ўртасида қанчалик рақобат бор ёки ўзингизни бундан ҳолиман деб ўйлайсизми?

- Албатта, рақобат бор. Мен шундай деб ўйлайман.

- Ўтган йили 2-ўринни қўлга киритган “Сўғдиёна”нинг бу йилги вазифаси қандай? Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, жамоангиз бу йил нималарга қодир?

- Албатта, биз юқори уч ўриндан бирини банд этиш учун курашамиз! Ҳар йили ўз олдимизга мана шундай мақсадни қўйиб келяпмиз. Мақсадга эриша олишимиз мумкинлигига бўлган ишончимиз катта.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!