Миллатлар Лигаси. Испания ва Германия иштирокидаги учрашувлар превьюси

Аллақачон ушбу янги мусобақага ўрганиб қолдик. Сентябрь ойидаги ўйинлар бизга анча қизиқарли беллашувларни тақдим этганди. Дастлабки тур бироз қийинчилик туғдирганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Сабаби, миллий терма жамоалар жуда узоқ муддатли танаффусдан сўнг, йиғинга жам бўлганди. Иккинчи турда эса, буткул бошқача футбол гувоҳи бўлдик. Терма жамоалар ўз потенциалидан келиб чиққан ҳолда ўйин кўрсата бошлади. 

Бугунги кун дастуридан Испания - Швейцария ва Украина - Германия учрашувлари ўрин олган. Албатта, қуйи лигаларда бир қанча ўйинлар мавжуд. Аммо А лига баҳслари асосий аудиторияни ўзига жалб этади. 

image_2020-10-10_07-27-08

Испания - Швейцария

photo_2020-10-10_19-49-46

Испания

“Қизил фурия”да ажойиб серия давом этяпти. Жамоа 13 та баҳсдан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда (10 та ғалаба, 3 та дуранг). Германия билан кечган баҳсда мағлубиятсиз серия барҳам топишига бир баҳя қолди. Аммо сўнгги дақиқалардаги штурм фойда бериб, гол уришга муваффақ бўлдилар. Кейинги ўйинда эса Украинага ҳеч қандай имконият қолдирилмади (4:0). 

Тахминий таркиб: Де Хеа, Регилон, Рамос, Торрес, Навас, Бускетс, Фабиан, Себальос, Олмо, Ферран, Родриго.

photo_2020-10-10_19-37-19

Луис Энрике: “Швейцария Миллатлар Лигаси баҳсларида кўп нарсаларни исботлаб келмоқда. Улар исталган жамоани босим остида қолдириши мумкин. Биз уларни енгиш учун ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш этишимиз шарт. Менда ҳужумчилар борасида муаммолар йўқ. Катта танлов имконияти сабаб турли услубларда улардан фойдаланиш имкониятига эгаман”.

photo_2020-10-10_19-41-11

Швейцария

Украинага учралган мағлубиятдан сўнг, “банклар юрти” вакилларини Германияга ортиқча муаммо туғдира олмаслиги кўпчилик томонидан тахмин қилинди. Амалда ўша куни Петкович шогирдлари ўйиннинг иккинчи қисмини супер даражада ўтказдилар. Сеферович ва Эмболода бир қанча вазиятлар ҳам юзага келди. 

Шу жиҳатдан, уларнинг Испанияга қарши қандай футбол намойиш этишини олдиндан айтиш қийин. 

Тахминий таркиб: Соммер, Аканжи, Элведи, Шер, Родригес, Видмер, Фрюлер, Жака, Шакири, Сеферович, Цубер.

photo_2020-10-10_19-45-34_1

Владимир Петкович: “Бизга жуда қийин рақиб рўбарў келиш арафасида. Баъзи футболчилар жамоада янги, аммо уларнинг ҳам даражасидан хабардормиз. Уларда бир қанча ёш ўйинчилар билан бир қаторда катта тажрибага эга бўлганлар ҳам етарли. Улар тўпни ўзларида сақлаб, тезкор футбол ўйнашни хуш кўради. Биз ҳам ўз футболимизни кўрсатишга уринамиз”.

photo_2020-10-10_19-45-35

Украина - Германия

photo_2020-10-10_19-31-11

Украина

Испанлар Шевченко шогирдларидан даража бўйича мутлақ устунлигини исботлай олди. 4:0 ҳисобидаги ғалаба шунчаки юзага келган вазиятлардан максимал фойдаланиш натижаси эмас эди. Албатта, ўз навбатида бу каби мағлубиятни тўғри қабул қила олиш ҳам лозим. Чунки, меҳмонлар шу куни гранд рақибларига қарши тенгма-тенг футбол намойиш этмоқчи бўлди. Испания Швейцариядан фарқли рақиблиги ёдларидан кўтарилди чоғи. Бугун мана шулардан хулоса чиқарган жамоа Германияга яхшигина қаршилик кўрсатиши кутилмоқда.

Тахминий таркиб: Пьятов, Матвиенко, Зинченко, Кривцов, Соболь, Степаненко, Малиновски, Марлос, Коваленко, Ярмоленко, Мораес.

photo_2020-10-10_19-53-45

Андрей Шевченко: “Биз ўз принципларимиздан воз кечмоқчи эмасмиз. Қисқа ва ўрта масофадаги паслар орқали ҳужум ташкил этиш ҳамда ҳимоядан тўп узатмалар орқали чиқиб кетиш ушбу услубимиз асоси саналади. Агар бу иш бермаса, бошқа йўлларини қидириб кўрамиз. Бизда бир нечта режалар бор. Аввалги ўйинда биз ўйлаган ҳеч бир нарса фойда келтирмади. Сабаби, ёш футболчилар билан машғулот ўтказишга вақтимиз жуда кам бўлганди. Энди эса, биз етарлича тайёрлана олдик, деб ўйлайман”.

photo_2020-10-10_19-53-44

Германия

Лёв шогирдлари иккала турда ҳам дуранг ўйнади. Эътиборлиси, ҳар иккала ўйинда ҳам ҳисобда олдинга чиқиб олгач, ғалаба бой берилди. Немис ОАВда аста-секин бош мураббийни алмаштириш пайти келмадими, деган мазмундаги саволлар пайдо бўлди. 2006 йилдан эътиборан миллий терма жамоада фаолият олиб бораётган Лёв фаолияти муваффақиятли чиқди, деб айта оламиз. Аммо катта эҳтимол билан унинг тақдирини 2021 йилда бўлиб ўтадиган Европа чемпионати ҳал қилади.

Тахминий таркиб: Нойер, Халстенберг, Зюле, Рюдигер, Гозенс, Киммих, Кросс, Дракслер, Горецка, Гнабри, Вернер.

photo_2020-10-10_19-39-07

Йоахим Лёв: "Биз жуда кўп имкониятлардан фойдалана олмадик. 2 та яққол ғалабани қўлдан бой бердик. Имкониятларни кўкка совуриш бизнинг олдимизда турган энг катта муаммо. Жамоа сифатида ўсишимиз учун бизга вақт ва ишонч зарур. Сўнгги ўйинларда катта қийинчиликка учрамоқдамиз. Энди эса, йўқотилган очколарни қайтариш учун кўпроқ меҳнат қилишимиз лозим. Биз билан Украинага ташриф буюрган ҳар бир футболчида улкан хоҳиш ва потенциал мавжуд. Мотивацияга тўлиб турибмиз". 

photo_2020-10-10_19-39-06

Хулоса ўрнида

Бугунги учрашувлар бизга анчагина голларга бой беллашувларни ваъда қилмоқда. Испания Швейцарияга қарши сўнгги икки ўйинда ғалаба қозона олмаган. Аммо умумий 20 та учрашувнинг 15 таси айнан испанларнинг фойдасига ҳал бўлган. Бугун Энрике ташкил қилган жамоа гуруҳда фаворит бўлиб турибди ва табиийки, Швейцария иккинчи рақам остида ўйнашга мажбур бўлади. 

Германия эса иккита учрашувда бой берилган ўйинлар сабаб ғазабга тўлиб тошган. Шевченко эса, аниқ тактик режаларга эгалиги кўриниб турибди. 

Миллатлар Лигаси об-ҳавосини тўлиқ ҳис қилиб олишингиз учун ушбу икки қарама-қаршилик айнан тўғри келади. 


Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!