Миллатлар Лигаси. “Қизил фурия” Рамос ура олмаган пенальтилар туфайли “немис машинаси”ни енгишга мажбур (превью)
Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичи кескин қарама-қаршиликларга бой кечмоқда. Сабаби, 6-тур арафасида турган бир пайтимизда, фақатгина Франциянинг плэй-оффда ўйнаши аниқ бўлиб улгурган, холос. 2-гуруҳда Англия Бельгия билан ўзаро ўйиндаги мағлубият сабаб буткул курашдан чиқди. Аммо қизиқарли тарафи “қизил иблислар”нинг 6-турдаги рақиби Дания бевосита қарама-қаршиликдаги ғалаба орқали Роберто Мартинес шогирдларини ҳам гуруҳда қолдириб кетиши мумкин. 1-гуруҳда эса, биратўла 3 та терма жамоада кейинги босқичга чиқиш учун реал имкониятлар сақланиб турибди.
Биз айни дамда эътиборингизни Испания - Германия баҳсига қаратамиз. Севильядаги “Картуха” ўйингоҳида бўлиб ўтадиган ушбу беллашув Луис Энрике шогирдлари учун қийин ўтиши аниқ. Умуман олганда, сўнгги икки ўйинни кераксиз очко йўқотишлар орқали ўтказмаганида, Серхио Рамоснинг муваффақиятсиз пенальтилари серияси Швейцарияга қарши беллашувга тўпланиб қолмаганида, Пиреней яримороли вакиллари ўз майдонида кечадиган баҳсда анча эркин ҳаракат қилган бўларди.
Ўзаро учрашувлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар иккала жамоа фойдасига ишлайдиган статистикаларни учратишимиз мумкин. Германия испанларга қарши ўйинларда 9 маротаба ғалаба қозонган, испанларда бу кўрсаткич 7 тага тенг (8 та дуранг).. Аммо “қизил фурия” сўнгги 4 та учрашувда немисларга мағлуб бўлмай келмоқда.
Ўтган галги беллашувда Гайянинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда урган ҳисобни тенглаштирувчи голи Йоахим Лёв шогирдларини тайёр ғалабадан маҳрум қилганди. Бугун мана шу йўқотиш учун ўч олиш имконияти мавжуд. Бунинг учун ғалаба рақиб майдонида мағлубиятга учрамасликнинг ўзи кифоя.
Испания
Луис Энрике бошчилигидаги жамоадан мухлислар аллақачон титуллар кута бошлаган. Жамоада авлодлар алмашинуви пала-партиш тарзда олиб борилмоқда. Таркибда нотекисликларни жуда кўп учратамиз. Дарвозабон масаласида Энрике нимани ўйлаётганини тушуниш қийин. Ҳа, Кепа ва Де Хеа ўз даражасини бирмунча йўқотган. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам улар Унаи Симондан юқорироқ савиядаги посбонлар ҳисобланади.
Пау Торреснинг марказий ҳимоядан мунтазам равишда ўрин олиши ҳам нақадар тўғри, деган саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Техник имкониятлари чекланган, келган тўпни қайтариб юборишга ихтисослашган дароз ҳимоячи жамоанинг умумий композициясидан тушиб қолаётгандек. Бу ўринда кадрлар муаммоси борлигини ҳам эътироф этиб ўтиш жоиз. Жамоа ҳужумида бир қатор ёш иқтидор эгаларига имконият тақдим этиб келиняпти. Ҳимоя марказида ҳам Эрик Гарсия сингари талантларни синаб кўриш керак эмасмикин?! Пау Торрес ва Диего Льоренте у қадар катта ёшда эмас. Аммо улар клуб миқёсида ҳам у қадар барқарор ўйин намойиш этмаяпти. Биз тақдим этаётган вариант - Эрик Гарсияда ҳам “Манчестер Сити” таркибида мунтазам ўйин амалиётига эга бўла олмаслик муаммоси мавжуд.
Испаниядаги яхши даражадаги ижрочилар орасида бир қатор юқори даражага тортмайдиган футболчиларнинг учраётгани бу фикрни билдиришимизга сабаб бўлмоқда: Оярсабаль, Каналес…
Тахминий таркиб: Де Хеа, Навас, Рамос, Торрес, Регилон, Родри, Бускетс, Каналес, Траоре, Ферран, Мората.
Германия
Йоахим Лёвнинг жамоаси Украинага қарши баҳсда осон ғалабага эришди, деб айта олмаймиз. Дастлаб, хотиржамликка берилиб, гол ўтказиб юборгани уларнинг фойдасига ишлади. Уларнинг кетма-кет ўйинларда ғалабани сўнгги дақиқаларда бой бериши гуруҳдаги вазиятни оғирлаштириб юборганди. Испания майдонида кечадиган беллашувда улар шунчаки ҳимояланиш билангина муваффақиятга эриша олмайди. Украина анча шаклланган жамоага айланиб қолганлиги рост. Бироқ, Испания даражаси ҳар қандай ҳолатда ҳам юқорилигича қолади.
Тони Кросс Украинага қарши кечган ўйинни ўтказиб юборганидан сўнг сафга қайтди. Аммо энди Рюдигер дисквалификация сабаб 6-турда қатнаша олмайди. Шунингдек, бергамоликлар лотераль қанот ҳимоячиси Робин Госенс ҳам жароҳати сабаб Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичининг энг муҳим қарама-қаршилигини ўтказиб юборади. Жошуа Киммих ва Нико Шульцнинг жароҳати ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Уларнинг клублари сафида ҳам майдонга тушишлари сўроқ остида.
Тахминий таркиб: Нойер, Гинтер, Зюле, Рюдигер, Керер, Кросс, Горецка, Брандт, Гнабри, Сане, Вернер.
Мураббийлар
Луис Энрике: “Биз олдимизда турган беллашувда ўз имкониятларимиз даражасидан юқорироқ ҳаракат қилишга мажбурмиз. Сешанба куни бўлиб ўтадиган учрашувда Серхио Бускетс бизга ёрдам бера олмайди. Унинг тезроқ сафга қайтишига умид билдириб қоламиз.
Рамоснинг фойдалана олмаган пенальтилари мени хавотирга солмайди. У бизнинг сардоримиз”.
Йоахим Лёв: “Гуруҳнинг биринчи поғонасида туриш жуда ажойиб. Тақдиримиз қайсидир жамоанинг натижасига боғлиқ эмаслигидан хурсандмиз. Биз юқори даражадаги рақибга қарши кечадиган беллашувга жиддий тайёрланяпмиз. Бу натижага эришиш йўлидаги энг оғир синов бўлиши аниқ”.
Хулоса ўрнида
Жамоалар таркибида йўқотишларнинг борлиги табиий ҳолат. 3 ойдан буён мавсум давом этяпти ва энг ёмон тарафи, танаффус жуда қисқа бўлганди. Топ-даражадаги футболчилар ҳар 3-4 кунда майдонга тушишга мажбур бўлмоқда. Қайта тикланишга етарлича вақт бўлмаётгани сабаб жароҳатлар ҳам кўп.
Майдон эгаларида босим юқори. Уларни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди. Бу Германияга қўшимча имкониятлар тақдим этиши мумкин. Ҳисобини ва ғолибни олдиндан аниқлаб бўлмайдиган ўйин олдида турибмиз.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар