Миллатлар Лигаси. Хорватия, Нидерландия ва Италия иштирокидаги учрашувлар учун превью
Бугунги кун дастури бизга терма жамоалар футболининг ҳақиқий байрамини тақдим этмоқда. Энг марказий беллашувларга алоҳида тўхталишимиздан ташқари, А лиганинг бошқа эътиборга молик учрашувлари ҳақида ҳам сўз юритамиз. Хорватия - Швеция, Босния ва Герцеговина - Нидерландия, Польша - Италия: ушбу баҳсларнинг ҳар бири алоҳида эътибор қаратишга арзийдиган беллашувлар. Нима қилайликки, қанчалик ажойиб беллашувлар бўлмасин, юқорида санаб ўтганларимиз куннинг марказий қарама-қаршиликлари орасига кирмайди.
Даставвал, Миллатлар Лигасининг жорий мавсумини ўта ёмон бошлаган 2 катта жамоа ҳақида гаплашамиз.
Хорватия - Швеция
Хорватия
Сентябрь аввалидаги йиғинга Златко Далич бир қатор етакчиларини жалб қила олмади. Бу натижаларда ҳам аянчли тарзда акс этди. Ўтказилган ҳар иккала баҳсда ҳам хорватлар 4 тадан гол ўтказиб юборди. 3-гуруҳ қуръа бўлиб ўтган пайтдаёқ “ўлим гуруҳи” номини олганди. Златандан сўнг бироз кучсизланганига қарамай, шведлар ҳамон жаҳон ва Европа футболида катта ном ҳисобланади. Хорватия амалдаги жаҳон чемпионати финалчиси. Нариги икки жамоа ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Далич 2 та тур якунлари бўйича берган интервьюсида А лигада қолишга ҳаракат қилиши ва охиригача курашишини айтиб ўтган. Фақат 1-ўрин соҳиблари кейинги босқичга йўл оладиган Миллатлар Лигасининг дастлабки иккита турини бой берган мураббийдан яна қандай гап кутиш мумкин.
Тахминий таркиб: Ливакович, Врсалько, Цалета-Цар, Ловрен, Вида, Ковачич, Модрич, Пашалич, Перишич, Брекало, Крамарич.
Златко Далич: “3 кун ичида 2 та ўйинда майдонга тушишимиз лозим. Ушбу беллашувлар бизнинг келгусидаги фаолиятимизга жиддий таъсир кўрсатади. Биз энг тўғри қарорларни қабул қила олишимиз муҳим. Крамарич ўйинни асосий таркибда бошлай олмаган тақдирда, унинг ўрнида бир қатор футболчилардан фойдаланиш имкониятига эгаман. Швецияда Форсберг ва Берг дуэти жуда хавфли ҳужумлар ярата олади. Уларда энергия ва хоҳиш юқори даражада. Бироқ рақибларимиз ҳам кетма-кет 2 та ўйинни бой беришди. Фарқ шундаки, улар иккала учрашувни ҳам ўз майдонларида ўтказишди, биз эса фақат меҳмонда ўйнадик. Бу тўқнашув ким элитада қолишини ҳал қилиши жиҳатидан ҳам муҳим. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу.
Швеция
Скандинавияликлар ушбу беллашувга яхши кайфиятда келмоқда. Сабаби, бир неча кун аввал, халқаро ўртоқлик учрашувлари доирасида Россия 2:1 ҳисобида таслим этилди. Миллатлар Лигасидаги кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг, жамоага руҳият бағишлаш учун ушбу ғалаба жуда керакли эди.
Умуман, шведлар сентябрдаги ўйинларда “қотиллар” қурбонига айланди. Францияга қарши учрашувда Мбаппе ягона голни уриб, жамоасига ғалаба тақдим этган бўлса, португаллар Роналдунинг 2 та шедеври оқибатида рақибларидан устун келди. Устига устак, биринчи таймнинг ўзидаёқ, мезбонлар бир киши кам бўлиб қолганди. Якунда бу ўйин картинасига жиддий таъсир кўрсатди.
Тахминий таркиб: Олсен, Люстиг, Эландер, Линделёф, Янссон, Ларссон, Кулусевски, Экдал, Форсберг, Ларссон, Берг.
Янн Андерсон: “Виктор Клайсоннинг жароҳатдан фориғ бўлгани қувонарли. У “Краснодар”да жуда катта ишни амалга оширди ва уни миллий терма жамоада кўришдан мамнунмиз. Александр Исак ҳақида гапирадиган бўлсам, у бизнинг услубимизга жуда мос тушувчи юқори даражали ҳужумчи. У Роберт Квиасонга ўхшаб кетади. Иккиси ҳам тўпни ушлаб туриш ва хавфли вазиятлар яратишда фойдали”.
Босния ва Герцеговина - Нидерландия
Босния ва Герцеговина
Боснияликлар Италиядан очко олган пайтда ударнинг потенциалига юқори баҳо берилганди. Аммо кейинги турда Левандовскисиз Польша улардан устун келгач, жамоа А лигани ушбу гуруҳдан тарк этишга асосий номзод экани кўриниб қолди. Катта даражадаги футболчилардан фақат Миралем Пьянич сентябрдаги йиғинга ташриф буюра олмади. Марказда муаммолар борлиги кўринди. Жекога тўп етказиб берувчи футболчи бўлмаганидан кейин, бу каби топ ҳужумчининг ҳам фойдаси тегмайди. Аксинча, у ўз вазифасини қолдириб, майдон марказида тўп учун курашиб юрганини кўп кўрдик.
Умид қиламизки, Душан Баевич жамоасидаги муаммоларга қисман бўлса-да, ечим топа олган ва Нидерландияга қарши беллашувда кучли жамоани кўрамиз.
Тахминий таркиб: Бегович, Настич, Чивич, Бичакчич, Колошинац, Пьянич, Бешич, Висша, Крунич, Ходжич, Жеко.
Душан Баевич: “Биз олдимизда турган иккита учрашувда қўлимиздан келганча яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз. Шундан сўнг, мен жамоа билан хайрлашаман. Миллий терма жамоани кучайтириши мумкин бўлган мутахассислар жуда кўп.
Ўйлайманки, футболчилар қаршиларида Нидерландия турганини сезиб турибди. Бизда жароҳатланган ва чарчаган футболчилар бир қанча. Ушбу беллашувларда бир нечта янги номларни ҳам учратишингиз мумкин”.
Нидерландия
Дуайт Лодевегеснинг икки ўйинлик мураббийлиги муваффақиятли чиқди, деб айта олмаймиз. Сабаби, у тажрибасизлиги оқибатида анча эҳтиёткор ва суст футбол намойиш этди. Мағлуб бўлаётган бир пайтда, жамоани олдинга бошлаётган ягона футболчи - Депайни захирага олди. Тактик ишланмалар йўқлиги оқибатида Мемфиснинг бир ўзи амалга оширган ҳаракатлар итальянлар ҳимоясини ёриб ўтишга етмади. Гол ҳам тайм сўнгида жамоа анча бўшашиб қолган бир пайтда, жуссаси анча кичик бўлган Николо Барелла томонидан урилди. Ван Дейк турган жойда Николо каби футболчининг бош билан гол уриб кетиши ажабланарли ҳолат.
Энди эса жамоани Франк де Бур бошқаради. Унинг қўл остида кечадиган илк ўйин учун Босния идеал рақиб!
Тахминий таркиб: Силлесен, Хатебур, Ван Дейк, Аке, Блинд, Вейналдум, Де Роон, Де Йонг, Промес, Бергвейн, Люк де Йонг.
Франк де Бур: “Мен ҳозир таркибни маълум қила олмайман, аммо майдонга кимлар тушишини ўзим учун аниқлаб олганман. Агар ўйинга оз муддат қолганда, менда шубҳа бўлса, бу яхши ҳолат эмас. Мен жамоа ҳолати ҳақида етарлича кўп маълумотга эгаман. Футболчилар кўп йиллардан бери биргаликда ҳаракат қилиб, бир-бирларини жуда яхши тушуниб олган. Мексикага қарши ўйинда кўплаб ёш футболчиларни синаб кўрдик. Якшанба куни бўлиб ўтадиган ўйин ҳақида мутлақо хотиржамман”.
Польша - Италия
Польша
Левандовскисиз ҳаракат қилган Польша сентябрда яхши натижани қўлга кирита олди. Нидерландиядан очко тортиб олишига бир баҳя қолганди. Аммо ўйин давомида кўзга ташланмаган Бергвейн гол уриб кетди. Кейинги ўйинда эса гуруҳдаги асосий рақобатчи ҳисобланган Босния таслим этилди. Ҳар ҳолда, польякларнинг асосий мақсади А лигада қолиш. Ҳа, уларда плей-оффга чиқиш учун етарли имконият мавжуд. Бироқ, жамоа етакчиси Левандовски қанчалик кучли ҳужумчи бўлмасин, йўқ вазиятни бор қила олмайди. Жамоадошлари ҳам фақат унга ўйнайди ва табиийки, рақиб ҳимоячиларининг асосий эътибори ҳам “Бавария” форвардига қаратилади. Мана шундай пайтда яна бир етакчи футболчи Роберт яратиб берган бўшлиқдан фойдаланиб кета олса, нур устига аъло нур бўларди.
Тахминий таркиб: Шесни, Кеджиора, Рибус, Глик, Березински, Линетти, Криховяк, Клих, Зелински, Милик, Левандовски.
Жерзи Бржечек: “Шубҳасиз, итальянлар фаворит эканини исботлай олди. Улар охирги 16 та ўйинининг 14 тасида ғалабага эришди. Аммо биз уларга қарши кечадиган баҳсдан умид узганимиз йўқ. Футболчиларим кўрсатаётган футбол мени қониқтирмоқда. Жамоанинг ривожланиши масаласида биз олдинга қадам ташлай оляпмиз, деб ўйлайман. Балки, Италияники каби эмасдир, аммо шунинг ўзи ҳам мени қаноатлантирмоқда. Олдимизда қанчалик кўп ишлар борлигини англаб турибмиз, қаерда қийинчиликларга учраётганимизни ҳам биламиз. Мен жамоамдаги кўтаринки кайфиятдан жуда хурсандман”.
Италия
Манчини шогирдларининг мағлубиятсиз серияси давом этади. Бржечек айтиб ўтганидек, ушбу сериянинг асосий қисмини ғалабалар ташкил этади. Босния ва Герцеговинага қарши ўйиндаги муаммони тушуниш мумкин. Узоқ муддатли танаффусдан кейинги биринчи беллашувда жамоанинг ўйини чиқмади. Нидерландияга қарши баҳсда эса “скуадро адзуро” ўз кучини тўлиқ намойиш эта олди. Уларда ёш иқтидор эгалари билан бир қаторда, кўплаб ветеранлар ҳам мавжудлиги эътиборни тортади. Айниқса, Николо Барелла ҳам клуб, ҳам терма жамоа сафида ўсишга эришаётгани, дунё футболи яна бир яхши ярим ҳимоячи билан бойиб бораётгани ўта қувончли ҳолат. “Нико”дан ташқари Заниоло, Тонали, Бастони каби футболчиларни ҳам “мовий эскадра”нинг бўлғуси етакчилари сифатида эътироф этишимиз мумкин.
Тахминий таркиб: Доннарумма, Дамброзио, Кьеллини, Ачерби, Флоренци, Жоржиньо, Барелла, Заниоло, Берарди, Инсинье, Иммобиле.
Роберто Манчини: “Мен жамоам ўйиндан-ўйинга ривожланиб боришини хоҳлагандим ва бу рўй берди. Улар тезда нима қилишлари лозимлигини тушуниб олишди ва йўқотилган имконият уларга яхши сабоқ бўлди.
Ҳеч ким захирада ўтиришни хоҳламайди, ҳамма ҳам майдонда ҳаракат қилишни истайди - бу нормал ҳолат. Биз аниқ тактик ишланмалар асосида футбол ўйнаймиз ва зарур ҳолатда кимдир захирада ўтиришга мажбур. Мойзе Кин яхши формада. Молдовага қарши ўйинда унга 20 дақиқа имконият бердик. Барчасини вақт кўрсатади”.
Хулоса ўрнида
Миллатлар Лигаси бугунги дастурининг иккинчи рақам остидаги ўйинлариёқ бизга шу каби катта тўқнашувларни тақдим этмоқда. Шу ўринда, анонс қилиб кетишга рухсат берасиз. Бироздан сўнг, Франция - Португалия беллашуви учун превьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Юқоридаги беллашувлар эса икки катта баҳслар ўртасида “иштаҳа очиш” учун хизмат қилади. Ушбу жамоаларнинг мухлислари эса Англия - Бельгия ва Франция - Португалия ўйинларидан ҳам воз кечиб, ўз суюклилари иштирокидаги учрашувларни томоша қилишларига ишончимиз комил.
Ва яна бир кичик анонс: ушбу ўйинлар сайтимиз орқали матнли трансляция тарзида эътиборингизга ҳавола этилади.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар