Миллатлар Лигасининг премьер-лигага салбий таъсири. Ушбу мусобақа керакми?
Англия премьер-лигаси 2020/21 йилги мавсуми Англия кубоги, суперкубоги ва Миллатлар Лигасидан кейин старт олади. Бу ўйинлар янги мавсум учун қанчалик таъсир қилиши мумкин?
Ортда қолган ва янги мавсумлар оралиғида 6 ҳафта муддат жамоаларга дам олиш учун ажратилган. Еврокубокларда иштирок этган клубларга эса қўшимча вақт берилади.
Англия Суперкубоги 29 август
Август ойининг сўнгги кунларидаёқ, бизга супер ўйин кафолатланган. Англия суперкубогида “Арсенал” ва “Ливерпуль” майдонга тушади. “Канонирлар” бу баҳсга Англия кубоги эгалари сифатида ташриф буюрса, мерсисайдликлар узоқ кутилган АПЛ ғолиби мақомида муҳташам “Уэмбли”га етиб келади. Ой бошида Артета ўз шогирдлари билан айнан шу стадионда “Челси”ни мағлуб этиб, совринни ўзлариники қилган эди. Бу сафар рақиб бироз жиддийроқ. Клопп жамоасини Австриядаги мавсумолди йиғинларга жалб этган ва улар премьер-лига якунидан кейин хотиржам дам олаётган эди. Бу баҳс уларга янги мавсум олдидан қизишиб олиш имкониятини тақдим этади. Бу турнир тарихи 1 асрдан зиёдроқ вақтга бориб тақалади. Яъни, илк марта 1908 йилда ўтказилган суперкубок баҳсларининг мақоми бироз катта.
Миллатлар Лигаси 3-8 сентябрь
Одатда, Англия суперкубогидан бироз ўтиб, миллий чемпионат ҳам старт олиши лозим эди. Аммо бу йил эмас! Премьер-лига ва Англия кубогидан аввал Миллатлар Лигаси турнирининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади. Клуб қароргоҳида янги мавсум учун тайёргарлик кўраётган футболчилар бир нечта ўйин ўтказиш учун терма жамоа йиғинида жам бўлишади. Шундоқ ҳам келаётган йилда 3 та катта спорт байрами ўз навбатини кутмоқда. Олимпия ўйинлари, “Евро-2020” ва "Копа Америка". Бундай юқори даражадаги турнирлар олдида Миллатлар Лигаси қай даражада кечиктириб бўлмас?
Англия Кубоги 5 сентябь
Миллатлар Лигаси илк турлари ўтаётган бир вақтда Англия кубоги баҳслари ҳам бўлади. 70 та инглиз клуби шу куни ўз ўйинини ўтказади. Еврокубокларда иштирок этадиган барча жамоалар “Ливерпуль”, “Манчестер Сити”, “Манчестер Юнайтед”, “Челси”, “Лестер”, “Тоттенхэм” ҳамда “Арсенал” клублари бу мусобақани 3-раунддан бошлайди. Қолган АПЛнинг барча жамоалари эса 2-босқичдан турнирга қўшилади.
Премьер-лига 12 сентябь
Ва ниҳоят, премьер-лига 12 сентябрь куни старт олади. Бу мавсум савияси бир жиҳатдан бироз хавф остида турибди. Яъни, аксарият юлдузлар ўз терма жамоалари билан халқаро майдонда анча куч йўқотиб қайтади ва янги мавсум стартида эҳтимолий жароҳатлар, толиққан футболчилар, натижада зерикарли ўйинлар кўришимиз мумкин. Миллатлар Лигасида иккинчи ўйинни 8 сентябрь куни ўтказадиган исталган футболчи 4 кундан кейин жамоаси сафига юқори формада қайтиши қийин. “Челси” ва “Вулверхэмптон” жамоалари Европа Лигасида иштирок этганлиги учун 2 кун кейин АПЛ биринчи турини ўтказишади. Манчестер шаҳрининг икки вакили ҳам қачон ўзларининг илк ўйинларини ўтказиши ҳали номаълум.
Миллатлар Лигасининг салбий таъсири
Бу турнир ҳалқаро учрашувлар ва премьер-лига оралиғида ўзига келиб олиши керак бўлган катта клуб футболчилари имкониятларини кескин камайтиради. Мисол учун, Англия миллий терма жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт Миллатлар Лигаси учун эълон қилган таркибидан гранд клубларнинг бир нечта асосий футболчилари жой олган. МЮ таркибидан Маркус Рэшфорд, Аарон Уан-Биссака, Харри Магуайр ва Мейсон Гринвуд каби футболчилар Европа Лигасида ҳам бир неча ўйин ўтказди ва яқингача турнирда иштирокларини давом эттираётган эдилар. Фақатгина, 16 август куни “Севилья”дан учралган мағлубият Сульшер шогирдларининг мусобақани тарк этишига сабаб бўлди.
Ҳамшаҳарлари сафида ҳам бир қатор етакчиларга дам олиш имконияти зарур. Рахим Стерлинг, Жон Стоунз, Кайл Уокер ҳамда Фил Фоден каби футболчилар турли муаммоларга дуч келиши турган гап. Улар Англия терма жамоасининг Исландия ва Дания термаларига қарши учрашувлари учун қайдномасидан ўрин олган.
Миллатлар Лигаси учун қайднома эълон қилган яна бир жамоа Испания сафидан ҳам бир неча АПЛ клубларининг асосий таркиб футболчилари ўрин олган. Де Хеа, Кепа Аррисабалага, Родри, Адама Траоре, Эрик Гарсия ва Ферран Торрес каби футболчилар миллий жамоа таркибида Германия ҳамда Швейцария термаларига қарши ўйнашини ҳисобга олсак, улар ҳеч қанақасига куч тежай олишмайди.
“Тоттенхэм” клуби эса 48 соат оралиғи билан кетма-кет иккита ўйинда майдонга тушишига тўғри келади. “Шпорлар” 17 сентябрь куни Европа Лигасида ўз юришларини иккинчи квалификация босқичидан бошлайди. Гарчи, бу босқич 1 та ўйиндан иборат бўлса-да, Маур шогирдлари ҳафтасига иккита ўйин ўтказишлари мумкин. Бундай босим бор пайтда эса ўртоқлик учрашувлари ўрнига ташкил этилган Миллатлар Лигаси футболчиларни ҳолдан тойдириши ҳеч гап эмас.
Клубларни олдинда шундай тақвим кутиб турибди:
17 сентябрь Европа Лигаси;
20 сентябрь Премьер-лига;
22 сентябрь Англия кубоги;
24 сентябрь Европа Лигаси;
27 сентябрь Премьер-лига;
29 сентябрь Англия кубоги;
1 октябрь Европа Лигаси;
4 октябрь Премьер-лига.
Биз Миллатлар Лигасининг салбий таъсирини фақат Англия чемпионати мисолида келтирдик. АПЛ жамоаларининг кенг таркибга эгалиги, футболчилар савияси юқори эканлигини ҳисобга олсак ҳам барибир Миллатлар Лигаси бироз ҳалал бераётгандек. Юқорида таъкидланганидек, бундай тиғиз тақвимда футболчиларнинг жароҳат олиш эҳтимоли янада ортади. Кевин Де Брюйне, Поль Погба, Маркус Рэшфорд, Жеймс Меддисон, Харри Кэйн каби юлдуз футболчилар яқин йиллар ичида турли даражадаги жароҳатлар билан деярли АПЛнинг ярим мавсумини ўтказиб юборганлигини гувоҳи бўлганмиз. Бундай хунук ҳолатлар яна такрорланишини ҳеч ким истамаслиги аниқ.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар