Минималликка суянаётган "Суғдиёна"нинг кучи нимада? "Ўзбек Атлетико"сининг ўйинини таҳлил қиламиз

Сўнгги йилларда Улуғбек Бақоевнинг "Суғдиёна"си "ўзбек"Атлетико"сига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Хўш, аслида ҳам шундайми? Бақоев жамоасининг ОФК Кубогидаги ўйинларини таҳлил қилиш орқали бу саволга жавоб излашга уриниб кўрамиз.

Ўйин схемаси

Taktika Sugdiyona

Эътиборлиси шундаки, Улуғбек Бақоевнинг ўйин услуби кўпроқ Моуриньонинг "Интер"ини эслатиб юборади. Бақувват қанот ҳимоячилари, марказда ҳужумни ташкил этувчи ва катта тезликда ҳаракат қилишга қодир плеймейкер, классик 9-рақам ҳамда баланд бўйли марказий ҳимоячи. Барча-барчаси требл қайд этган Моуриньонинг прагматик жамоасига ишора қилаётгандек. Стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиш, рақибдан ёмонроқ ўйин кўрсатиб ҳам ғалаба қозониш жиззахликларнинг "фишкаси"га айланиб улгурди. Ўхшатишлар ўз йўлига, келинг, энди ғалаба калитига айланаётган устунликлар ҳақида фикр алмашамиз.

Эътиборлиси шундаки, "Суғдиёна" майдон марказида ҳам, ҳужумда ҳам вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилади. 4-2-3-1 схемасининг асосий устунлиги ҳам шу, аслида. Исталган пайтда футболчиларнинг жойлашуви ўзгариши мумкин. Бақоев жамоасида бу ҳолат Суперлигада бир неча бор кузатилган, аммо халқаро ўйинда бу қай даражада иш бериши кўпчиликда савол туғдиргани аниқ.

qanot himoyachilari 1

Биринчи навбатда, қанот ҳимоячиларининг ўйинини алоҳида эътироф этиш шарт. Лука Чермель ва Шаҳбоз Жўрабеков жисмонан анча бақувват бўлибгина қолмай, иккинчи қаватдаги курашларда ҳам жуда фаол. Шунингдек, ўз қанотида бемалол 90 дақиқа майдоннинг икки қисмида ҳам фаол бўлишни уддалади. Бу ўз-ўзидан марказдаги футболчилар учун қулайликлар яратиши аниқ. Сўнгги пайтларда қанот ҳимоячиларининг жаҳон футболида тутган ўрни ўсиб бораётгани рост. Ортда қолган мавсумида АПЛда Тренд Александер-Арнольднинг энг кўп хавфли вазият яратган футболчи бўлгани бежиз эмас. Бақоев ҳам ўз қанот ҳимоячиларидан жуда яхши фойдаланади. Уларнинг активлиги эвазига ўнг ва чап қанот ярим ҳимоячилари бемалол марказий ҳужумчига яқинроқ ўйнаши, керакли паллаларда "фулбек"ларга қанотдан ёриб кириш учун бош зона яратганига бир неча бор гувоҳ бўлдик. Шунингдек, ҳужум чоғида улар анча олдинроққа чиқиб, жамоаси учун қанотлардан марказга юриш, керакли паллада янада ичкарига катта тезликда ёриб кириш орқали бош зоналар яратишга уринди.

4 hujumchi1

Таянч ярим ҳимоячилари эса, камдан кам ҳоллардагина олдинга ўтади. Бу йигитларга айнан қанотдаги шерикларининг зонасини ёпиш ва қарши ҳужумнинг олдини олиш вазифаси юклатилгани боис, асосан ортда тер тўкади. Уларнинг активлиги "Суғдиёна" дарвозаси олдида хавфли ҳужумларнинг кам бўлишини таъминлаш билан бирга, қарши ҳужумларда асосий ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади. Марказий ҳимоячилар баланд бўйли экани туфайли қанотдан узатиладиган тўпларда улар асосий қалъа вазифасини ўтаб беради. Таянч зонасидаги йигитлар рақибни марказдан ёриб кирмаслиги учун тер тўкса, қанот ҳимоясидаги Жўрабоев-Чермель тандемини ҳужум билан биргаликда ҳимояда ҳам бирдек тер тўкади.

Умуман олганда, Бақоев шогирдларини ўз ўйин фалсафасига шу қадар мослаган-ки, захирадан ўйинга қўшилган бирорта футболчи майдонда йўқолиб қолмайди. Асосан марказни эгаллашга урғу берилган "стиль" ҳозирча "бўрилар"га гуруҳ босқичида панд бергани йўқ.

Вазиятлардан фойдаланиш

Биринчи навбатда, Бақоевнинг совуққон жамоасини алоҳида эътироф этиш лозим. "Суғдиёна" гуруҳ босқичидаги 3 та ўйин давомида вазиятлардан фойдаланиш борасида янги даражага кўтарилганини намойиш этди. Айниқса, "Нефтчи" билан биринчи турдаги оғир баҳс сўзимизга исбот бўлиши мумкин. Бир қарашда қўчқор оталиклар баҳсни яхши бошлаган, бизникилардан анча чаққонроқ кўринаётган бир пайтда, иккита бурчак тўпидан киритилган голлар вазиятни ҳал этиб берди. Кейинги учрашувларда ҳам стандарт вазиятлар жамоа жонига ора кирганига гувоҳ бўлдик. Соддароқ қилиб айтсак, жиззахликлар оғир баҳсларда вазиятлардан унумли фойдаланиш коэффициенти юқори бўлгани учун ҳам ғолиб чиқишни бошлади.

4 hujumchi 2

Бу бизнинг футболдаги энг катта ютуқлардан бири. Клубларимиз ва терма жамоаларимиз яхши ўйнаб ютқазаётган бир пайтда, Бақоев шогирдлари иккинчи рақамда тўп тепиб ҳам якунда мақсадга эришаётгани қувонарли ҳолат. Юқорида бежизга Моуриньонинг "Интер"ини эслаб ўтганим йўқ. Бугунги "Суғдиёна"да ўша жамоа ўйинидаги айрим элементлар кўзга ташланади. Майдон марказидаги креатив плеймейкернинг қанот ярим ҳимоячиларини ҳужумга қўшиши, керакли паллада бир ўзи тўп билан олдинга катта тезликда рейд уюштириши ва ҳоказо.

4 hujumchi3

Шунингдек, қанот ярим ҳимоячиларининг ҳаракати ҳам ностандарт эканлиги ҳимоячилар учун муаммо туғдириши аниқ. Баъзан "Суғдиёна" вингерлари марказий зонага яқинроқ жойлашиб, ҳужумни кескинлаштирса, айрим ҳолатларда кенгроқ ўйнаган ҳолда, бош ҳудудни кенгайтиришга уринади. Умуман олганда, 1 та соф ҳужумчи, иккита алдамчи вингер ва ўйинни ўқий оладиган плеймейкер тўртлиги жамоа гуруҳ босқичида киритган голларининг ярмида иштирок этди.

4hujumchi3

Қолган голлар эса стандарт вазиятдан урилди. Бақоев шогирдлари бу ўйин фалсафаси билан қай даражада узоққа бориши номаълум, аммо ўзбек футболида ҳали бу даражада прагматик ўйин кўрсатадиган клубни ҳали кўрмаганимиз аниқ.

Хулоса ўринда

baqoyev2

Марказий Осиёда бундай услубда тўп тепувчи жамоалар етарлича топилади. Гуруҳда "бўрилар"га қаршилик қилган 3 рақибнинг иккитаси "Суғдиёна" сингари ҳимоядан ўйин қуришга уринган клублар эди. Бақоев шогирдлари ижрочиларнинг даражаси ўртасидаги фарқ сабабли ҳам 9 очкони деярли муаммосиз жамғарди. Турнир якунида Ўзбекистоннинг вице-чемпиони эгаллаган ўрин ҳеч кимни ҳайрон қолдирмагани аниқ, аммо плей-оффда бу "стиль" қай даражада фойда беради? Майли, август ойида бўладиган баҳсда "Хўжанд" тўсиғидан ўтармиз, аммо кучли легионерларга суянадиган араб ва шарқий минтақа клублари билан беллашувлар қандай ўтишини тахмин қилиш мушкул. Шундай экан, "Суғдиёна"нинг асл имкониятига баҳо бериш учун бизда яна имконият бўлади. Ҳар ҳолда, Бақоев жамоасининг бор кучини ўз услубига қарама-қарши услубда ҳаракат қиладиган жамоа билан тўқнашувдагина тўлиқ кўриб олишимиз мумкин.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!