Миржалол Қосимов АГМКнинг ғалабасини кимга бағишлаганини айтди
Суперлиганинг 20-турида АГМК клуби ўз майдонида “Сурхон”ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб навбатдаги уч очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Мезбонлар устози Миржалол Қосимов ушбу беллашув хусусида шундай деди:
- Қизиқарли ва томошабоп футбол гувоҳига айландик. Ўйинга ҳужумкор тактика танлагандик ва биринчи таймда кўплаб голли вазиятлар яратилди. Бироқ сўнгги аниқ зарбани йўллашда бироз омад етишмади.
Иккинчи бўлимда ҳам катта ташаббус билан ҳужумга ўтдик. Шунингдек, бугун рақиб посбони ҳам яхши ҳаракат қилиб, жамоасини кўплаб голлардан қутқарди. Дастлабки голимиз оффсайд туфайли бекор қилинганига қарамасдан тезда яна ҳужумга ўтиб, ниҳоят ўз мақсадимизга эришиб, муҳим ғалабани келтирган голни уришни уддасидан чиқдик.
Мавсум ўзининг қизғин палласига кирмоқда. Чиройли ўйин ва ғалаба учун футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Бугунги ғалабани мухлисларимизга бағишлаймиз. Бизни яна қизиқарли ўйинлар кутмоқда. Келаси учрашувларга ҳам жиддий тайёргарлик кўриб, мухлисларимизни хурсанд қилишга астойдил ҳаракат қиламиз, -деди Миржалол Қўшоқович.
АГМК матбуот хизмати.
Фикрлар