Миржалол Қосимов: "Биринчи даврадаги энг яхши ўйинимиз бўлди"
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигасининг 13-туридан ўрин олган АГМК — “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Миржалол Қосимов қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Миржалол Қўшоқович ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Бугунги ўйинда қонун устувор бўлди. Футболда “сен урмасанг, сенга уришади”, деган қонун бор. Ушбу учрашувда биринчи даврадаги энг яхши ўйинимизни ўтказдик, деб ўйлайман. Йигитларга ҳеч нарса дея олмайман. Бундай баҳслар бўлиб туради. Курашларга бой, комбинацион ўйин бўлди. Аммо вазиятлардан фойдаланиш борасида оқсадик. Мазкур баҳсда мухлислар ютди, биз эса уч очко йўқотдик. Энди футболдан кичик таътилга чиқамиз. Ҳаёт эса давом этади. Қайтараман, бугун биринчи даврадаги энг яхши ўйинимиз бўлди.
- Охирги пайтларда икки нафар дарвозабонни алмаштириб ўйнатяпсиз. Аммо жамоа дарвозасига йўлланаётган икки зарбадан бири кўпинча гол билан якунланяпти. Бу жиддий муаммо эмасми?
- Албатта, бу муаммо. Аммо ишламаган инсонгина хато қилмайди. Бу хатолардан тўғри хулоса чиқариш лозим.
- Давралар оралиғида жамоада ўзгаришлар бўладими?
- Жамоада унчалик ҳам катта ўзгариш кузатилмайди. Жароҳатланган футболчиларимиз тезроқ сафга қайтишса, бу нур устига аъло нур бўларди.
- АГМК чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири. Аммо баъзи чизиқларда юқори савияли ўйинчилар етишмаётгандек туюлмаяптими? Масалан, Анзур Исмоилов келгандан кейин ҳимоя анча тартибга келди. Бошқа позицияларчи?
- Ҳар бир мураббий таркибида кучли футболчилар бўлишини хоҳлайди. Аммо курашда бошқа жамоалар ҳам бор. Менимча, биз шу таркиб билан ҳам мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатяпмиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар