Миржалол Қосимов: "Футболга қанчалик меҳр берсангиз у ҳам ўзига яраша мукофотини қайтаради"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

ОКМК – “Локомотив” (2:1) ўртасидаги ўйиндан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманида олмалиқликлар устози Миржалол Қосимов қатнашди.

- “Локомотив”да малакали ўйинчилар йиғилган. Ёшлари ҳам кучли. Қизиқарли ва оғир ўйин кутаётгандик. Ҳақиқатан худди шундай бўлди. Муносиб ва қолаверса бугунги ўйин ушбу турни чиройи бўлса керак, деб ўйлайман. Биринчи бўлимда очиқ ўйин бўлди. “Локомотив” ҳам ютиб кетиши мумкин эди. Иккинчи бўлимда ўйинга янада чирой қўшилди. Ютқазиб турган жойимизда охиригача курашдик, ютганимиздан хурсандмиз. Қолаверса, мухлислар ҳам маза қилиб кетишди, деб ўйлайман. Миллий терма жамоа раҳбарлари ҳам, мураббийлари ҳам ўйинни келиб кўришди. Йигитлар жисмонан яхши ўйнашди. 95 дақиқа давомида тинмай меҳнат қилишди ва ўз меҳнатининг мевасини олишди, деб ўйлайман. Хурсандмиз ва бу ўйин энди тарихга айланди. Кейинги баҳсга тайёргарлик кўриш керак. Мухлисларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Футболчиларимизга ҳам ютқазаётиб охиригача курашишгани ва ғалабани илиб кетганимиз учун раҳмат айтаман.

- Ўтган турда “Локомотив” “Насаф”га қарши 4 та ҳимоячи билан ўйнади. Бугун эса 3 та марказий ҳимоячи ва 1 та қанот ҳимоячиси ўйнади. Сиз қайси ҳолатни кутгандингиз?

- Биз иккаласига ҳам тайёр эдик. “Навбаҳор” билан учрашувда агарда иккита тезкор гол ўтказиб юборишмаганида “Навбаҳор”га ҳам қийин бўларди. Ўшанда ҳам 5-4-1 схемасида ҳаракат қилишганди. Қўқонда “Насаф” билан учрашувда 4 та ҳимоячи бўлиб ўйнадилар. Бу ҳақида йигитларга таъкидлагандим. Бу ерга келиб протоколни кўрганимиздан кейин йигитларга 3 та марказий ҳимоячи ва 2 та қанот ҳимоячиси билан ўйнашини айтиб ўтдим. Шунга қарамасдан яхши вазиятларга эга бўлдик. “Локомотив” ҳам яхши ўйин кўрсатди.

- ОКМК охирги голларини асосан стандартдан уряпти. Мураббийларни гапи бор: стандарт вазиятларни бошқариб бўлмайди дейишади. Лекин ОКМК шу йўналишни топгандек. Бу борада гол уриш жамоага катта устунлик беради.

- Ҳозир стандарт 50х50 дейилади. Машғулотларда бунинг устида ишланади. Ҳар доим ҳам голга айлантира олмаймиз. Масалан, уйда ўйнаганимизда “Бухоро” ҳам иккита стандартдан гол урди. Барибир стандарт ҳам футболни бир қисми ва унга албатта эътибор берилади.

- “Пахтакор”га қарши ўйиндан сўнг жамоангиз умуман ютқазмаяпти. Ўша учрашувдан кейин нималарни ўзгартирдингиз?

- Ўйнашни билишади, фикрлаш доираси, жисмоний ҳолати ёмон эмас. Техникаси яхши, тактик томондан ҳам ёмон эмас. “Пахтакор” билан бўлган учрашувда бизга азарт етишмади. Хоҳиш камлик қилди. “Пахтакор”га қарши жуда суст ҳаракат қилдик. Уларга қарши бундай ўйнаганда эса табиийки, рақиб хоҳлаганини қилади. “Пахтакор”да малакали ижрочилар йиғилган. Қайсидир маънода ҳам Самарқандда ҳам озгина етишмади. Бошидан бемалол чиқдик. Лекин футбол бунақа нарсаларни кечирмайди. “Бухоро” билан бошқача чиққандик, Андижонда бошқача чиққанмиз. Шунинг учун охиригача азарт бўлиши керак.

- Нодир Абдураззоқов охирги дақиқаларда гол уряпти. Бу сиз томонингиздан берилган кўрсатмами ёки футболчини характерими?

- Озгина ўзини ўзгартирди. Агар 1-турдан қарайдиган бўлсак, имкониятлари кўп бўлди ва тўпурар бўлиши керак эди. У билан гаплашдик, футболга қарашини бироз ўзгартирганди, хоҳлайсизми-йўқми, футболни алдаб бўлмайди. Футболга қанчалик меҳр берсангиз у ҳам ўзига яраша мукофотини қайтаради.

- Ўзбекистон бўйлаб бир қатор клубларда молиявий муаммолар юз берган пайтда ОКМК жамоасида ҳам шундай муаммо бўлдими?

- Барибир таъсири бор. Ҳамма жойда молиявий ҳолат ёмону, битта бизда яхши бўлиши мумкин эмас. Ўзига яраша таъсири бор. Лекин ўрганиб чиқишади. Европада ҳам, бизнесда ҳам, ҳамма жойда ҳам шунақаки, бир сўм сарфламасанг бир сўм фойда топмайсан. Барибир мутасаддилар ечимини топишади, деб ўйлайман. Футбол барибир биринчи рақамли. Қолаверса, бу йил жаҳон чемпионатида иштирок этамиз. Мен молиячи эмасман. Бироқ барибир буни кўриб чиқишса керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!