Миржалол Қосимов: "Тўйдан олдин ноғора чалиб бўлмайди"

Суперлигада 16-тур баҳслари давом эттирилди. Олмалиқнинг ОКМК жамоаси бу тур Самарқандда "Динамо" меҳмони бўлди ва 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Икки жамоа ҳам бугун ғалаба учун ўйнади. Мухлислар чиройли ва кўп голли вазиятга эга баҳсга гувоҳ бўлишди. "Динамо" жамоасига очко керак эди ва охиригача курашиб ғалаба қозонди. Бу билан уларни табриклайман. Иккинчи бўлимда, охирги 20 дақиқада ярим ҳимоячилар уларда ҳам, бизда ҳам йўқ эди. Бор эътибор ҳужумга қаратилди. Бизда ҳам 2-3 та имконият бўлди, аммо фойдалана олмадик. Мағлубиятга учрадик. Иккинчи таймда захирадан тушган футболчилар кучайтириши керак эди, аммо ўхшамади. Ҳаёт давом этади. 

- Мавсумни энг зўр ўйинларидан бири бўлди. Сўнгги дақиқаларда ғалаба қозонишни жуда ҳам истагани учун ОКМК ўйинни назоратидан чиқариб юбормадими? 

- Иккинчи бўлимда "Динамо" яхши ҳужум амалга оширди. Чап қанот ҳимоячимиз катта хатога йўл қўйди. Ундан яхши фойдаланиб кетди, рақиб. Кейин ғалаба учун мия ўчиб қолди. Бугун мен икки жамоада ҳам марказда ярим ҳимоячиларимизни кўрмадим. Ким урса, ўша жамоа ютиб кетади, деб ўйлаб турган эдим. Бундан аввалги матбуот анжуманида ҳам айтиб ўтган эдим. Қаерда ишлашимдан қатъий назар, пул бор йўқлигига қарамай яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Мухлислар учун ўйнаймиз. Улар майдондаги жангдан завқланиб кетиши керак. Эътиборимизни халқаро майдонга қаратганмиз. У ерда катта жамоалар билан тўқнаш келамиз. Ана шунда футболчилар ўсади. Халқаро тажриба учун бу керак. Чемпионатимиз ва ОЧЛнинг ҳавоси бошқача. Ундай мусобақа учун инсон меҳнати билан эришади. Яхши машғулот ўтказиш керак. Ҳар бир деталнинг аҳамияти катта. 

- ОКМК бу йил чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири. Имконият қандай деб баҳолайсиз? 

- Тўйдан олдин ноғора чалиб бўлмайди. Насиб қилгани бўлади. Бугун яхши ниятда келган эдик. Йил давомида ўйинларимиз кўп. Кутилмаган воқеалар бўлиши мумкин. Масалан, Сентоку захарлангани учун бугун учрашувда иштирок эта олмади. Ният қиламиз, чемпионликка ҳаракат қиляпмиз. Элит лигада иштирок этсак, нур устига аъло нур. 

- Акром Комиловнинг ҳолати қандай? 

- "Навбаҳор" билан ўйинда йўқ жойдан жароҳат олди. Тиззасидан лат еган. Яқин орада сафга қайтмайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!