Миржалол Қосимов: "Тунлари ухлай олмасдим..."

АГМК жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов "Дангал" лойиҳасида меҳмон бўлди. Деярли 1 соат давом этган суҳбат давомида, собиқ футболчи спортдаги карьерасига оид барча қизиқарли саволларга жавоб берди. Видеоинтервьюни томоша қилмаган кузатувчиларимиз учун интервьюни ёзма версиясини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Сиз "Бунёдкор" билан ОЧЛ ярим финалига қадар етиб боргансиз. Аммо "Аделаида"га қарши баҳс олдидан постни Зикога топширдингиз. Айтингчи, бразилиялик мураббий келишидан хабардормидингиз?

- Йўқ, умуман кутмаган эдим. Бу ўша пайтдаги раҳбарларнинг қарори бўлган. Тўғриси, тушунмай қолганмиз. Дарҳақиқат, ўша "Бунёдкор" - футболимиз тарихидаги энг кучли жамоалардан бири эди. Жуда катта меҳнат қилинган. Нафақат футболчилар, балки мураббийлар штаби ҳам ҳар бир баҳсда 100 фоиз куч билан ҳаракат қилган. Бундан ташқари, таркибимизда кучли футболчилар жамланган эди. Ёдимда бор, эски "Чилонзор" стадионида ўйнаганмиз. Балки менга имконият берилганда, Осиё чемпионлар лигасида ғалаба қозонган бўлармидик?! Бу шунчаки тахмин. Зико кучли мураббий. Аммо у жамоада янги бўлгани боис ички муҳит қандай эканлигини билмаган. Барчасига тезда мослашиб олиш учун унга вақт етмади. Машғулот билан майдондаги футбол бошқа-бошқа нарсалар.

25 йил кейин туғилганингизда, футболчилик фаолиятингиз бошқача бўлган бўлармиди?!

- Ўзимга ҳам кўп айтишади. 10-15 кейинроқ туғилганимда, билмадим, аммо бу Яратганнинг иродаси. Ҳеч қачон футболчилик фаолиятимдан нолимайман. Аксинча, хурсанд бўламан. Ҳар бир олаётган нафасим ўзимники эканлигидан қувонаман. Карьерам давомида улкан турнирларда ғалаба қозонганман. Собиқ Иттифоқ терма жамоасидан чақирув олиш осон бўлмаган. Ташқаридан фикр билдириш осон. Бироқ футбол майдонда ўйналади.

Футболимиздаги энг оғриқли ўйин сифатида 2006 йилги ЖЧ саралаши учун Баҳрайнга қарши ўтказилган ўйинларни кўрсата оласизми?

- Тўғриси, 1:0 дан кейин ким ариза ёзганини билмайман. У ерда нима деб ёзилганидан ҳам хабарим йўқ. Биз ўша учрашувни жуда яхши ўтказгандик. Тўғри, ҳакамнинг хатоси бўлди. Ортидан бу ҳам қўпол хато бўлган. 1:0 зўр ҳисоб эди. Икки учрашувдан иборат плей-офф баҳсларида бундан қулай ҳисоб йўқ. Боз устига, меҳмондаги баҳсда уларнинг асосий футболчилари сариқ карточкалари кўпайиб кетгани боис майдонга туша олмасди. Биз Баҳрайнга жуда яхши кайфиятда ташриф буюрдик. Муҳит аъло даражада бўлган. Бир кун олдин машғулотни ўтаб келдик. Лекин бизга ўйинни 1 ойга қолдирилганини айтишди. Карточкалар бекор қилинди. Уларнинг 26-рақамдаги ҳужумчиси жароҳатдан қутилди ва бизнинг кичик ҳисобдаги ғалабамиз инобатга олинмади. Натижада, Тошкентдаги ўйинда руҳий тушкунлик эвазига 1:1 натижаси қайд этилди. Меҳмонда эса 0:0. Афсуски, яна бизга қарши ишлади ҳамма нарса.

Терма жамоани бошқариш хорижлик мутахассислардан кўра, маҳаллий мураббийларга қийинроқдек. Сиз бу босимни нимада ҳис қилгансиз?

- Биринчи маротаба МТЖга келганимда, вазият анча оғир эди. Бу кучли ҳаяжон. Иккинчи бор жамоани бошқарганимда, анча яхшироқ натижа кўрсатдик. Ливан билан дурангдан кейин Қатарни ютдик, Корея билан баҳсда ғалабани қўлдан чиқардик, Эрондан 3 очко олдик. Жаҳон чемпионатига яқинлашганингиз сари эмоция ортиб боради. Буни тушунтириб бериш қийин. Буни сўз билан тасвирлаш қийин. Ўйинларга яқин қолганда, уйқу қочиб кетарди. Бошқачасига тунда ухлаб бўлмасди. Миянгизда ўйин ҳақидаги хаёллар айланаверади. Бу ўйинлардан сўнг сочларим ҳам оқариб кетди.

Негадир сўнгги пайтларда футболимизда кучли ярим ҳимоячилар етишиб чиқмаётгандек туюлмоқда?

- Нафақат марказдаги, балки бошқа зоналарда тўп сурувчи кучли футболчилар камайиб кетмоқда. Эрон футболини олайлик. Ҳозир улар бемалол тенг кучли 3 та жамоа тузиши мумкин. Бизда эса битта футболчи сафдан чиқса, ўрнини ким билан тўлдириш ҳақида бош қотиришга тўғри келади.

Бу нима билан боғлиқ, деб ўйлайсиз?

- Афсуски, ота-оналарни ёш футболчиларга таъсири катталашиб бормоқда. Фарзандини мутахассисга топширгач, уни ишига аралашмаслик керак. Ўйинлар бўладиган куни ота-оналар стадион атрофини ўраб олади. Турли касб эгалари бўлишига қарамай, улар ўйин давомида мураббийдан кўпроқ кўрсатма беради. Бизнинг давримизда, ота-оналаримиз стадиондан узоқроқ жойда ўйинимизни томоша қилишар, ҳеч нарсага аралашмай, яна ортга қайтиб кетар эди. Дадам футболга олиб боргач, ҳеч қачон мени етаклаб, машғулотларга олиб бормаганлар. Бугунги болаларни машинада олиб келиб, машинада олиб кетишади. Биз автобусда шаҳарнинг у бурчагидан, бу бурчагига қатнаганмиз. Пулимиз йўқ пайтлари пиёда юришга тўғри келган. Ҳозир ҳаммаси осон бўлиб кетган. Футболчи бўлишни истаган ёшлар тинмай меҳнат қилиши керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!