Мирзоҳид Ғофуров: "Бу саволга қўрқмасдан ҳа, дея оламан"

“Нефтчи” клуби яна таркибини кучайтириш ишларини олиб боряпти. Ҳозирда жамоа Туркиянинг Анталия шаҳрида. Янги мавсумга тайёргарлик авжида.

Жамоа сардори Мирзид Ғофуров зиммасига яна катта масълуият юкланади. Чунки олий мақсадлар сари курашилар экан, бунда сардорнинг ҳам роли ва мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Қуйида унинг Sports.uz учун берган интервьюсини ўқишингиз мумкин.

- “Нефтчи”нинг Анталиядаги йиғинида асосий эътибор нимага қаратиляпти ва жамоани кайфияти қандай?

- Хабарингиз бор, "Нефтчи" жамоаси янги мавсумга Суперлига жамоалари ичида энг биринчилардан бўлиб йиғинни бошлади. Дастлабки машғулотлар Тошкентда ўтди. Мана, 5-6 январдан бошлаб Анталияда машғулотлар олиб боряпмиз. Машғулотлар мураббийларнинг кўрсатмалари бўйича, режа асосида ташкил қилинган, ҳамманинг кайфият аъло даражада.

- "Нефтчи" бу ерда 40 кундан зиёд вақт давомида шуғулланади. Бу муддат кўп эмасми? Зерикиб қолмайсизларми?

- Йўқ. Жамоамиз 6 февралдан 26 февралгача машғулотлар олиб боради, шундан кейин 4 кунлик таътил берилади. Таътилдан сўнг яна машғулотлар давом этади.

мирзохид ғофуров1

- Таркиб кучайтириляпти. Селекция ишларига ва жамоадаги ўзгаришларга муносабатингиз қандай?

- Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Таркиб кучайгани албатта ҳар томонлама яхши бўлади. Таркибга келадиган бўлсак, ёмон эмас, ўйлайманки, янги мавсумда олдимизга қўйилган режаларни амалга ошира оламиз.

-  Бу йил ҳам фаолиятингизни "Нефтчи"да давом эттирасиз. Нима деб ўйлайсиз, футболчилик фаолиятингизни мазкур клубда тугатиш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Айни пайтда "Нефтчи" жамоаси футболчисиман ва клуб менга ишонмоқда. Мен ҳам шунга яраша қўлимдан келганча жамоамга ёрдам бераман.

мирзохид ғофуров2

- Сир бўлмаса, хизматингизга Суперлигадан ва четдан аниқ таклифлар бўлдими ва нега қабул қилмадингиз?

- Ҳозир айтиб ўтганимдек, "Нефтчи" жамоаси футболчисиман. Таклифлар бўлиши табиий ҳолат.  Лекин "Нефтчи"да мени ҳамма нарса қониқтиради.

- "Нефтчи" таркиби кучайтириляпти ва чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бунга қўшиласизми?

- Бу саволга қўрқмай ҳа, дея оламан. Худо хоҳласа, олдимизга қўйилган вазифаларни бажара оламиз.

мирзохид ғофуров3

- Ўртоқлик ўйинлари ҳақида сўрамоқчиман. Шу кунгача Анталияда ўтказилган ўйинлар орасида сиз учун энг қийини қайси бири бўлди?

- Назорат баҳслари ўз номи билан назорат баҳси. Сўнги тўрт учрашувдан энг кучли клуб деб “СКА-Хабаровск” жамоасини айта оламан.

- Бу ерда бошқа ўзбек клублари ҳам бор. Уларни ўйинларини кўргани ҳам боряпсизларми?

- Ўйинларнинг бошланиш вақтлари бизни машғулотлар вақтимиз билан деярли бир хил ҳолатда бошланяпти. Шу сабаб ҳозирча бирор ўйинга бора олмадим. Лекин имкон бўлган тақдирда албатта жамоаларимиз ўйинларини кўришга боришим мумкин.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!