Миср футбол федерацияси бошқарув кенгаши раиси: Купер Ўзбекистонни мундиалга олиб чиқишга қодир
Ads

Хабарингиз бор кеча Андижонда Ўзбекистон ҳамда Миср олимпия терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Миср футбол федерацияси бошқарув кенгаши раиси Карам Курдий Абдул Фаттоҳ ҳам иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Миср футболи деганда барибир «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ кўз олдимизга келади. Олимпия терма жамоасида Салоҳ каби бўлажак юлдуз футболчиларни кўришимиз мумкинми?

- Муҳаммад Салоҳ мисрлик ва бизнинг футболчимиз бўлганидан жуда фахрланамиз. У ўз меҳнатларига яраша бугунги кунда Европанинг кучли клубларидан бирида тўп суряпти. Албатта, футболимизни ривожлантиришда давом этяпмиз ва бундан кейин ҳам Муҳаммад Салоҳ каби ўйинчиларни етиштиришга ҳаракат қиламиз. Бу борада бизда иқтидорли футболчилар кўп.

- Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлиб ишлаётган Эктор Купер Миср футболи тарихидан жой олган. У мисрликларни узоқ йиллик танаффусдан кейин жаҳон чемпионатига олиб чиқа олган. Айтинг-чи, Купер ҳақида фикрингиз қандай? Унинг бошчилигида Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонасизми?

- Жаноб Купер дунёдаги топ-мураббийлар қаторида туради. Бизни бу мураббийни жуда ҳурмат қиламиз. Эктор Купер Мисрда ишлаб футбол даражасини анча кучайтирди. Албатта, у Ўзбекистонда ҳам футбол даражасини кўтаришга қодир. Мен бунга ишонаман. Қолаверса, Купер Мисрда ишлаганила Салоҳнинг юксалишига ҳам катта туртки берган. Унинг яхши мутахассис эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўзбекистон терма жамоасини 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқишга қурби етади. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, мураббийнинг ўйлаган режаларини амалга ошиши учун вақт керак. Айниқса, яхши ўйинчиларни танлаб, улар билан керак бўлса 24 соат шуғулланиши лозим. Фақат катта мақсадларга эришиш аста-секинлик билан бўлади. Бунинг учун эса сабр қилиш керак. Эктор Купер Мисрда ҳам дарҳол натижа кўрсатмаган. Бизда ҳам ўйлаган режаларини аста-секинлик билан амалга ошира олган.

- Ўзбекистон ҳамда Миср олимпия терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик учрашувининг ўтказилишини ижобий баҳолаймиз. Айтинг-чи, яқин келажакда Ўзбекистон билан Миср миллий терма жамоалари ўртасида ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказилиши борасидаги имкониятларни қандай баҳолайсиз?

- Бу ўйин бўлиши мумкин. Ўзбекистон билан Миср бу масалада ўзаро келишиб ўйин ташкил қилса бўлади.