"Мўминжонов билан телефонда гаплашдик ва дарҳол келишиб олдик" ёхуд "Нефтчи"га ўтган Стойкович нимани ваъда берди?

Маълум танаффусдан сўнг яна Суперлигага қайтган Фарғонанинг “Нефтчи” клуби жиддий мақсад йўлида ишларни бошлаб юборган. Кузатаётган бўлсангиз, ушбу жамоа ҳам селекция ишларини олиб боряпти ва шу кунга қадар бир қатор янги ўйинчилар билан шартномалар тузилганини эълон қилиб келмоқда.

Бош мураббий Илҳом Мўминжонов ўз режалари ва ўйин услубидан келиб чиққан ҳолда ўйинчиларни таклиф қиляпти. Таркибга қўшилаётган футболчилар маҳаллий ва хорижлик ижрочилар бўлиб, айни чоғда таркибдаги рақобат ҳам сезиларли даражада ортди, дейишимиз мумкин.

Хабарингиз бўлса, “Нефтчи” яқинда сербиялик легионер Даниел Стойковичнинг трансферини эълон қилди. Расман фарғоналиклар ўйинчисига айланган футболчидан клубдагиларнинг умиди катта. Бу йил 32 ёшни қаршилайдиган ҳимоячи фаолияти мобайнида ўз юртида “ПКБ Падинска Скела”, ”Вождовац”, “Борча”, “ОФК Белград”, “Радник”, қолаверса, Арманистоннинг “Алашкерт”, Беларуснинг “Неман” ҳамда ўтган йили Қозозистоннинг “Атирау” жамоаларида ўйнаган. Кўриб турганингиздек, Стойкович илк бор Ўзбекистон чемпионатига келди. Дарвоқе, у “Атирау” сафида 24 та ўйинда 1 та гол урган.  

photo_349563_1

Даниел Стойкович “Нефтчи” аъзосига айланганидан кейин ўзининг дастлабки фикрларини билдирди. Сербиялик легионер аввало янги клуби ҳақида тўхталди.

“Клубда тўп сурган серб ўйинчиларидан яхши гапларни эшитганман. Улар менга жамоада бой тарих борлигини ва мухлислари ажойиб эканлиги хусусида сўзлаб беришган. Ватандошларимнинг Ўзбекистонда тўп суриш борасида яхши тажрибалари бор”.

“Нефтчи”да Стойковичдан ташқари яна икки нафар ҳамюртлари – Дарко Станоевич билан Александр Ешич ҳам бор. Табиийки, янги футболчининг “Нефтчи”га мослашишида юқорида номлари келтирилган ҳамюртлари яқиндан кўмаклашишяпти. Бунинг устига Даниелни клубга бош мураббий Илҳом Мўминжонов таклиф қилган. Бу борада шундай деди:

даниел6

“Нефтчи” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов билан телефонда гаплашдик ва Фарғонада тўп суришим юзасидан ҳаммасини дарҳол келишиб олдик. Шуни қўшимча қилишим керакки, менга бош мураббий Илҳом Мўминжоновнинг фалсафаси жуда ёқди. Биргаликдаги ҳамкорлигимиз яхши чиқишидан умид қилиб қоламан”.

Мўминжонов Стойковичнинг ўйинларини кузатган ва унинг ҳаракатлари мураббийда жуда катта таассурот қолдирган. Акс ҳолда бу ҳамкорлик амалга ошмасди. Мураббий Даниелнинг “Нефтчи”га фойдаси тегишига ишоняпти. Тан олиш керак, Стойкович катта тажрибага эга. Фақат янги жамоаси ҳамда чемпионатимизга қанчалик мослашишини вақт кўрсатади. Ўз ўрнида сербиялик легионер қуйидагиларни қўшимча қилди.

даниел5

“Энг асосийси, клубдагиларга ўзимнинг кучли жиҳатларимни кўрсатишни хоҳлайман. Ўз навбатида бор кучим билан тўп сурган ҳолда жамоанинг мусобақа жадвалида иложи борича яхшироқ поғоналаридан жой олиши учун ҳаракат қилишга ваъда бераман. Умуман айтганда, мен Беларусь чемпионатида Умаров ва Яхшибоевга қарши ўйнаганман. Шу боис ўзбек футболчилари ҳақида ҳам менда ҳарқалай илиқ таассурот қолган.   

“Нефтчи”ни аввалги шонли мавқеига қайтариш асосий мақсад қилиб қўйилган. Барча ушбу клубнинг бой тарихини билади. Жамоанинг шу кунгача эришган муваффақиятлари бевосита Юрий Саркисян билан боғлиқ. Даниел Стойкович эса клуб тарихини ўргангани ҳақида ҳам гапирди:

“Ҳа, Юрий Саркисяннинг ўзбекистонлик армани эканлигини ва “Нефтчи” тарихида чуқур из қолдирганини эшитганман. Жамоанинг тарихини ҳарқалай анча билишга, ўрганишга ҳаракат қилганимни алоҳида айтмоғим даркор”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!