Мўминжонов ҳақидаги фикрлари шов-шувга сабаб бўлган Рўзимбой Аҳмедов Канчельскис ҳақида нималар деди?

Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мавсум якунланишига икки тур қолганида бронза медалининг расман эгасига айланди. Бунга албатта “Бунёдкор”дан жарима сифатида олти очконинг олиб ташлангани сабаб бўлди. Бунгача эса наманганликлар ўз майдонида айнан ушбу жамоани 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқишганди. Ўша беллашувда эса охирги пайтларда катта босим остида қолган ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов ниҳоят ўзини кўрсатишга муваффақ бўлганди ва яна катта саҳнага чиқди. Боиси у пенальтидан гол уриб жамоаси учун ўта муҳим бўлган ғалабани тақдим этганди. Куни кеча футболчи SPORTS.uz учун бир қатор масалаларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Тажрибали футболчи суҳбат давомида жамоанинг янги устози Андрей Канчельскис борасида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Аввало Канчельскиснинг инсонийлик фазилатларини алоҳида кўрсатган бўлардим. У одамнинг ичидаги ўйлаётганларини ўқий олади. Қайсидир футболчида муаммолар бўлса, чақириб нима бўляпти деб сўрайди. У кўп мулоқот қилади. Камчиликларимиз бўлса ўзимизга айтиб, тушунтиради. Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бўлади. У Европа футболининг ҳавосини олгани учун машғулотларимизда ҳам бунинг нафаси сезилиб турибди. Канчельскис жисмоний тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратишни яхши кўрар экан. У ҳамма билан яхши тил топишди. Қисқаси, Канчельскис яхши мутахассис. Ҳозирги қийин шароитда жамоани руҳлантириш мураббий учун осон эмас. Аммо у бизни руҳлантира олди.

Рўзимбой Аҳмедов билан уюштирилган суҳбатнинг тўлиқ матнини тез орада сайтимизда ўқишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу футболчининг "Навбаҳор" собиқ устози Илҳом Мўминжонов ҳақида билдирган фикрлари катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!