Мўминжонов ортидан жабр кўраётган «Сурхон»
Ниҳоят, Сурхондарёга ҳам катта футбол нафаси кириб келди. ЎФАнинг қўшимча имтиёзлари туфайли сурхондарёликлар «Сурхон» жамоасининг Суперлигадаги дебютини кўришга муваффақ бўлишмоқда. Охирги марта 2004 йили собиқ олий лига чемпионатида қатнашган жамоа орадаги шунча йил давомида жарликка қулагандек таассурот қолдирган ҳолда деярли «Сурхон» номини эсдан чиқараёзгандик. Охирги бир-икки йил ичида Термизда яна «Сурхон» жамоасининг мавқеини ошириш борасида ҳаракатлар бошланганлиги ҳақида эшитгандик. Аммо уларнинг сайъи-ҳаракати ҳали Суперлигага чиқиш даражасигача етмаётганди. Буй ил эса ЎФА «Сурхон» билан «Динамо»ни қўшган ҳолда Суперлигада иштирокчилар сонини 14 тага етказиб, шу тариқа Сурхондарё халқи учун катта футбол эшиги очилди.
«Сурхон» клуби футболимиз атрофидаги воқеалар учун алоҳида мавзу бўла олади. Улар Суперлигада қатнашишларини олдиндан билишганидек, ҳаракатларини шунга монанд анча олдин бошлашди. Раҳбарият эса аввало жамоага муносиб бош мураббийни тайинлашдан ишни бошлади. Бу лавозимга эса Илҳом Мўминжонов танланди. Унинг «Навбаҳор»да кўрсатган ишлари термизликларни ўзига ром қилган кўринади, натижада у билан ҳамкорлик қилишга келишдилар. Шу тариқа, Мўминжоновнинг «Сурхон»даги ҳаёти бошланди. Аммо унинг келиши кейинчалик жамоа учун қанчалик муаммоларни келтириб чиқаришини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди. Аниқроғи, Илҳом Мўминжоновнинг Наманганда олиб борган ишларидан вақти келиб энди «Сурхон» азият чекмоқда. Ҳаммаси «Азиз Турғунбоев иши»дан бошланди. «Навбаҳор»да Мўминжонов қўл остида ўйнаб ўзининг янги қирраларини кўрсатган футболчи омма эътиборига тез кўзга ташланди. Натижада унга харидорлар кўпайди. Уларнинг орасида «Пахтакор» футболчига жиддий қизиқди. Бунинг натижасида Илҳом Мўминжонов Азизни ўзининг собиқ ишлаган клубига олиб борган. Балки бунинг ортидан қандайдир маблағ ишлаб олишни ҳам кўзда тутган бўлиши мумкин, яна ким билади дейсиз?
Хуллас, шундан кейин ҳаммаси чалкашиб кетди. Бу ёқда «Навбаҳор» Турғунбоев учун охиригача курашди. Шундай қилиб, Азиз иккала клуб билан икки томонлама шартнома тузгач, вазият издан чиқиб кетди. ЎФАнинг аралашувидан кейин эса ҳаммасига ойдинлик киритилди ва Илҳом Мўминжоновни бир йилга футболдан четлаштириш ҳақида қарор чиқарилди. Бу пайтга келиб мураббий «Сурхон»даги ишларини йўлга қўйиб олганди ва бирин-кетин кўзга кўринган футболчиларни янги жамоасига чақираётганди. Албатта, бош мураббийнинг мавсум охиригача четлаштирилгани «Сурхон»нинг режаларини буткул ўзгартириб юборди. Шундан сўнг унинг ўрнига кимдир тайинланиши керак эди. Натижада Мўминжонов билан Термизда иш бошлаган Анвар Солиевни бош мураббий этиб тайинлашди. Аммо бошидаёқ бу қарор қанчалик тўғрилиги борасида ўринли саволлар юзага чиқди. Аввало унда бош мураббийлик қилиш учун тегили лицензия борми? Қолаверса, Анвар Солиев ҳали бунга қадар мураббийлик иши билан шуғулланмаганди. «Навбаҳор»да эса у бошқа лавозимда фаолият кўрсатганди. Хуллас, Солиев вараинти ўзини оқламаслигини тушуниб етган раҳбарият дарҳол яна ўзгаришга қўл урди ва энди Суперлигада мураббийлик қилиш учун лицензияга эга бўлган Андрей Микляевни жалб қилишди. Шу билан вазиятга бироз ечим топилгандек бўлди. Лекин бу пайтга келиб таркиб деярли тузиб бўлинганди. Микляев эса клубга охиргилардан бўлиб келганди. Шунинг учун таркибни бош мураббий ўз режалари бўйича тузмади. У қўл остидаги мавжуд футболчиларнинг хизматидан фойдаланишга мажбур эди. Маълумки, ҳар бир мутахассиснинг футболга бўлган ўз қарашлари бўлади. Шундай экан, Милкяевники билан Мўминжовнинг футболга қарашлари бир хил эмас. Таркибдаги аксарият ўйинчилар Илҳом Мўминжоновнинг таклифига кўра «Сурхон»га келишганди. Шу боис биздаги маълумотларга қараганда, бир йилга футболдан четлаштирилгач, мутахассис барибир «Сурхон»ни норасмий равишда бошқариб келаётган экан. Яқинда Дилшод Жабборов билан суҳбатда унга Илҳом Мўминжонов «Сурхон»ни норасмий равишда бошқаряптими деганимизда йўқ деган жавобни айтган бўлса-да, барибир у Тошкентдан Термизга шунча йўл босиб ўйинни шунчаки кўриб кетиш учун бормаса керак. Очиғи, Мўминжоновнинг жамоани норасмий равишда бошқаришин ҳам кутгандик. Негаки, Мўминжонов четлатилгач, барибир у олиб келган футболчилар «Сурхон»ни ташлаб кетишмади ва жамоада қолишди.
Демак, бу ҳам бежизга шундай бўлмагандир ахир. Аммо доим ҳам ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Илҳом Мўминжоновнинг «Навбаҳор»да ўтказган айрим ўйинлари шубҳа остига олинган бўлиб, яқинда барчаси омма эътиборига маълум қилинган ҳолда ЎФА томонидан уни келишилган ўйинларни ташкил этишда айбдор деб топиб яна тўрт йил муддатга футболдан четлаштирилди ва ҳаммаси бўлиб беш йил футболга яқинлаша олмайди. Қолаверса, у 50 миллион сўм миқдорида жаримага ҳам тортилди. Бу ҳам етмаганидек, «Сурхон» жамоасининг сардори Дилшод Жабборов ва техник директори Шерзод Шарипов ҳам бундай ўйинларга алоқадорлиги аниқланиб бир йилга футболдан четлаштирилди. Демак, бундан яна «Сурхон» жамоаси жабр чекмоқда. Мўминжоновнинг четлатилгани етмаганидек, энди жамоа етакчиси Дилшод Жабборовдан ҳам «айрилиб» қолишди. Кўриб турганингиздек, негадир «Сурхон»нинг 15 йиллик танаффусдан кейин Суперлигага чиқарилгани ўзи учун қимматга тушаётгандек. Чунки битта муаммо кетидан навбатдагиси бўй кўрсатиб турибди. Бу албатта жамоанинг ўзига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Мўминжонов олиб келган футболчилар биринчи даврадан кейин «Сурхон»дан кетишмайди деб энди ким кафолат беради? Агар шундай бўладиган бўлса, у ҳолда термизликларнинг муаммолари янада кенгайиб боради. Бунинг устига яқинда Сурхондарё вилояти ҳокими ҳам ишдан бўшади. Янги ҳокимнинг режалари ҳам бошқача бўлиши ҳам мумкин.
Шу тариқа, «Сурхон» билан Мўминжоновнинг ўзаро ҳамкорлиги батамом тугатилди. Албатта, бўлиб ўтган ишлар жамоага ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Қолаверса, мураббий олиб келган ўйинчиларга иккиланиш пайдо бўлмаганига ким кафолат беради? Бунинг устига эндиликда Микляев жамоани мустақил равшида бошқаришга тайёрми? Илгари «Локомотив»да ҳам расман бош мураббий эди-ю, аммо амалда... Режалари ўзгариб бораётган «Сурхон» бундай вазиядан қандай чиқиб кетишини вақт кўрсатади. Албатта, узоқ йиллик танаффусдан кейин Суперлигага «олиб чиқилган» термизликларнинг ўзлари иштирок этмаган «ўйинлар»да муаммоларга дуч келишаётгани ачинарли.
Фикрлар