Темур Кападзе "Пахтакор" устидан қозонилган ғалабага изоҳ берди
Суперлиганинг 3-тури доирасида "Пахтакор" ўз уйида "Навбаҳор"ни қабул қилди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг "лочинлар" бош мураббийи Темур Кападзе ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Барчани ғалаба билан табриклайман. Бугун тарихий ғалабага эришилди. "Навбаҳор" сафарда мағлуб этмаганига 31 йил бўлган экан. Барча йигитларга раҳмат. Мухлислар ҳам совуқда бизни ёлғизлатиб қўймади. Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик ва қор бироз ташвишга солди, аммо режаларимизга таъсир ўтказмади", — деди Темур Кападзе.
Ўтган учрашувда "Бухоро"га қарши ўйин қийин кечганди. Улар ўзига ҳам футбол ўйнамайди ва рақибга ҳам ўйнашга бермайди деган эдингиз. Бугун рақиб "Пахтакор" эканлиги бироз енгиллик бердими?
"Футболни қуришдан кўра, уни бузиш осонроқ. "Бухоро"га қарши қийин ўйин бўлди, лекин ўйинни таҳлил қилиб чиқдик. Камчиликлар устида ишладик. "Пахтакор"ни ўрганиб чиқдик ва ўйинга алоҳида режа туздик. Менимча, бугун ўйин бўйича рақибдан устун эдик. "Пахтакор"га қарши ўйин ҳар бир рақибга алоҳида мотивация беради. "Пахтакор"ни ютиш жуда ёқимли."
Иккинчи бўлимда интенсивлик ошишининг сабаби нимада?
"Икки бўлимда ҳам ўзига яраша жиҳатлар бўлди. Қаердадир қўшдик, қайсидир вазиятда рақибга устунликни бердик. "Пахтакор" жиддий рақиб. Бугун эса рақибдан келиб чиқиб ҳаракат қилдик."
"Дастлабки икки тур билан солиштирганда қанотларда ва ҳужум чизиғида ротацияга қўл урдингиз. Бугунги ротациянинг сабаби нимада?
"Ҳар ўйинда ротация қиляпмиз. Сабаби ҳар бир футболчига имконият бериб кўришим керак. Таркибимиз яхши. Ҳар бир позицияга икки нафардан футболчимиз бор. Аввалги икки рақибимиз ҳам биздан бир кун кўпроқ дам олганди. Буларнинг барчасини инобатга олган эдик. Кимдир биринчи бўлимда, қолганлар эса иккинчи бўлимда майдонга қўшилади. Бугун асосий таркибдан ўрин олганлар ҳам ўзини яхши кўрсатди."
"Навбаҳор" Эрон клубларида тўп тепаётган легионерларимизни ўз сафига қўшиб олиши мумкинми?
"ФИФА рухсат берса, ҳаракат қиламиз. Агар рухсат олинса, гаплашиб кўрган футболчиларимиз бор. Кўрамиз, насиб қилган бўлса. Эронда йигитларимизни ҳар бир клуб ўз сафига қўшиб олишни истайди."
Фикрлар