МОҚ айрим хорижий нашрларда чоп этилган Ўзбекистон Олимпия жамоаси вакилининг япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот берди

Айрим хорижий нашрларда чоп этилган Ўзбекистон Олимпия жамоаси вакилининг япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани ҳақидаги хабар юзасидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расмий баёнот берди.

"Айрим хорижий нашрлар томонидан Токиода бўлиб турган Ўзбекистон Олимпия жамоаси вакилининг япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани ҳақида мақола чоп этилди. Бу эса бир қатор ўзбек ОАВ ва блогерлари орасида муҳокамага сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон МОҚ мазкур хабарга расмий муносабатини билдиради.

Бўлиб ўтган воқеликка Ўзбекистон Олимпия жамоасининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. “Japantimes.co.jp” нашри берган маълумотга кўра, воқеа Токио шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароси Д.Р. билан содир бўлган. «Kyodo news» эса Д.Р. ва у қизнинг биргаликда Токиодаги “Олимпия” стадионида волонтёр бўлиб ишлагани ҳақида ёзмоқда.

Ҳозир МОҚ Тезкор штабининг 5 нафар вакили Токиодаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб турибди. Уларнинг вазифаси асосий делегация келгунига қадар ташкилий масалаларни ҳал этиб туришдир. Ташкилий қўмитанинг талабларига кўра, Олимпия шаҳарчасидаги шахсларнинг ҳудуддан чиқиб кетиши мумкин эмас ва у жой кучли назорат остида.

Шундай экан, юқоридаги воқеликка Ўзбекистон Олимпия делегациясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу ўринда юртимизнинг барча ОАВ, блогер ва журналистларидан бу каби асоссиз мақолаларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.

Бугун кечга Токио-2020 XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон делегациясининг асосий қисми чартер рейс орқали Японияга жўнаб кетади. Миллий Олимпия қўмитаси юртимиздаги барча Оммавий ахборот воситаларини спортчиларимиз ва уларнинг Олимпия ўйинларидаги иштирокини халқимизга чиройли тарзда етказиб беришга, мусобақани кенг қамровда ёритишга чорлаб қолади. Ўз навбатида, МОҚ матбуот хизмати бу борада барча маълумотларни тақдим этиб боради", - дейилади расмий баёнотда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
20/07/2021 19:58
Энг яхши аёллар японяда ва улар ҳурматга лойиқ.