Моуриньо Австрия, Сульшер эса испан клубига қарши! Европа Лигасининг муҳим ўйинлари превьюси

Бугун тунда Европа лигасининг 1/16 финалидан ўрин олган баҳсларга старт берилади. Кўҳна қитъанинг нуфузи бўйича иккинчи даражада турувчи турнири доирасида 16 та учрашув ўтказилади. Албатта, уларнинг орасида гранд клублар иштирокидаги ўйинлар ҳам мавжуд, шу боис, бугунги ўйинлар минглаб мухлисларнинг эътиборини тортиши аниқ. Келинг, ушбу учрашувлар орасидан қизиқ ўтиши мумкин бўлган 2 таси ҳақида батафсил гаплашамиз. Ўйлаймизки, превьюмиз туфайли ўйинларга бўлган қизиқишингиз янада ортади. Қани бошладик!

newFile-1

“Реал Сосьедад” - “Манчестер Юнайтед”

“Реал Сосьедад”

Жамоа Ла Лигада чемпионлик пойгасидан аллақачон чиқиб кетиб улгурган, уларнинг айни дамдаги мақсади энг камида ЕЧЛ йўлланмасига эга чиқиш. Истиқболли режада кучли тўртликдан жой олиш бор, бироқ 4-ўриндаги “Севилья” билан орадаги фарқ 7 очкони ташкил этади. Сўнгги 10 та ўйинда Иманол Альгуасиль шогирдлари 4 та ғалаба, 3 та мағлубият ҳамда 3 та дуранг қайд этган. Коронавируснинг британча штамми туфайли бугунги ўйин Испанияда эмас, Туриндаги нейтрал майдонда ўтказилади. Жавоб учрашуви “Олд Траффорд”да ўтказиладими ёки йўқ, ҳали аниқ эмас. Шундай экан, имкониятдан максимал фойдаланиб қолиш зарур. Жамоага бугун Карлос Фернандес, Мигел Анхель-Мойя, Луис Сангальи ҳамда Алекс Сола жароҳати туфайли ёрдам бера олмайди. Лекин улар асосий таркиб футболчилари эмас, шу сабаб, уларнинг йўқлиги сезилмаса керак. Яхши янгилик - жамоанинг асосий тўпурари бўлмиш Микел Оярсабаль жароҳатдан сафга қайтган, бу жамоага анча катта ёрдам бериши мумкин.

Тахминий таркиблар: Ремиро; Горосабель, Ле Норман, Элустондо, Монреал; Субельдиа, Мерино, Силва; Янузай, Исак, Оярсабаль.

Euc-OC4XYAcnxtp

“Манчестер Юнайтед”

“Қизил иблислар” Европа Лигасига ғалати тарзда тушиб қолди. ЕЧЛ “H” гуруҳидан ўрин олган 6 баҳсда МЮ ПСЖ, “Лейпциг” ҳамда “Башакшеҳир” билан 2 тадан ўйин ўтказиб, ҳар бири билан 1 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этди. 9 очко билан Европа Лигасига тушиб кетган аламзада манчестерликлар ғазабини “Реал Сосьедад”га сочиши мумкин. Сўнгги 10 та баҳсда 4 та ғалаба, 5 та дуранг ҳамда 1 та мағлубият қайд этган “Юнайтед” Фернандешнинг қаҳрамонликлари эвазига натижага эришиб келмоқда. Усиз жамоа анчагина қийналиб қолиши аниқ эди. Яхшиямки, у айни дамда яхши формада. Шунингдек, жамоага бугун Эдинсон Кавани, Фил Жонс, Поль Погба ҳамда асосий таркибга кира олмаган Донни Ван де Бек жароҳати туфайли ёрдам бера олмайди. Антони Марсьяль ва Скотт Мактоминайнинг эса майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

Тахминий таркиблар: Хендерсон; Уан-Бисакка, Магуайр, Байи, Теллес; Фред, Гринвуд, Фернандеш, Мактоминай; Решфорд, Марсьяль.

EucFPShXAAMLPia

Мураббий фикри

Оле Гуннар-Сульшер: “Биргина нарсани хоҳлаймиз - натижага эришиш. “Реал Сосьедад” яхши жамоа. Мавсум бошида улар чемпионлик пойгасида қатнашган эди, бироқ айни дамда ундай эмас. Чиройли ўйин кўрасиз, бунга кафилман. Жамоамиз яхши ҳолатда. Ҳаммаси яхши бўлган тақдирда ёш футболчиларга имкон бериш ниятим бор. Албатта, вазиятдан келиб чиққан ҳолда. Фернандешнинг кайфияти яхши, у бизнинг асосий ўйинчимиз. Рэшфорддан ҳам бугун нимадир кутаман. Ўйлайманки, у ишончимни оқлайди”.

photo_2021-02-18_21-02-36

“Вольфсберг” - “Тоттенхэм”

“Вольфсберг”

Австриянинг ўртамиёна клуби саналмиш “Вольфсберг” ўтган мавсумдаги ижобий натижалари эвазига Европа Лигасига йўлланма олган эди. Гуруҳ босқичида вольфсбергликлар Загребнинг “Динамо”си, Москванинг ЦСКАси ҳамда Роттердамнинг “Фейеноорд”и билан тўқнаш келиб, загребликлардан кейинги 2-ўринни эгаллайди ҳамда плей-офф босқичига йўл олади. 1/16 финалда эса уларни Моуриньонинг аламзада “Тоттенхэм”и кутиб турибди. Бугунги ўйин аслида Австрияда ўтказилиши керак бўлса-да, коронавируснинг британча штамми туфайли худди МЮнинг ўйини сингари Венгриядаги нейтрал майдонда ўтказиладиган бўлди. Албатта, бу “Вольфсберг”нинг зарарига ишлайди, сабаби мезбондаги ўйинда нимагадир эришиш Лондондаги ўйинга қараганда осонроқдек кўринади. Лекин, уларда бошқа илож йўқ. Бари майдонда ҳал бўлади.

Тахминий таркиблар: Кофлер; Баумгартнер, Новак, Лочошвили, Шерзер; Стратниг; Тафернер, Лиэндль, Спранглер; Визингер, Ёвелжич.

EuffIAMWQAQCio3

“Тоттенхэм”

“Сити” билан баҳсда 3:0 га енгилган Моуриньо шогирдлари бу мавсум деярли барча гранд жамоалардан мағлуб бўлди. Ҳа, мавсум бошида АПЛга даъвогарлар орасида баралла тилга олинган “шпорлар” ҳозирда чемпионлик тугул, кучли тўртликдан ҳам қуруқ қолиши мумкин. Кучли тўртликдан “Тоттенхэм”ни 6 очко ажратиб турибди. Шундай бўлса-да, улар барибир ЕЧЛга чиқишни ҳамда мавсумни соврин билан якунлашни истамоқда. Апрель ойидаги Лига Кубоги финали уларга узоқ кутилган совринни келтириши мумкин, бироқ рақиб ҳам анойи эмас - “Манчестер Сити”! Шу сабаб, бу совриндан умидвор бўлиб қўйиш ярамайди. Бошқа фронтда ҳам улар учун яхшигина имконият мавжуд. Европа Лигасини ютиш орқали ЕЧЛга йўлланма олиш мумкин. Моуриньо учун таниш соврин - бир неча мавсум олдин уни МЮ билан ютгани ҳалигача ёдида. Ана шуни эсга солган ҳолда португалиялик мутахассис бу турнирга ҳам жиддий қарамоқчи. Жамоада таркиб борасида деярли муаммо йўқ, асосий футболчи Кейн жароҳатдан қайтган (у йўғида жамоа қандай қийналганлигини эсласангиз керак). Ло Челсо, Орье ва Регилон жароҳат сабаб ўйинни ўтказиб юборишади.

Тахминий таркиблар: Харт; Доэрти, Санчез, Танганга, Дэвис; Уинкс, Сиссоко; Бейл, Алли, Моура; Кейн.

EubspxfXcAE0tEK

Мураббий фикри

Жозе Моуриньо: “Жамоага қанчалик босим ўтказишмасин, менга фарқи йўқ. Мен ўз билганимча жамоани ўйнатаман. Сабаби, мен ўз вақтида бу турнирда ҳам ғолиб чиққанман. Шундай экан, оддий мухлис сифатида қарорларимни ҳурмат қилсангиз. “Вольфсберг”га келадиган бўлсак, бу Бундеслигадаги “Вольфсбург” эмас. Австриянинг ўртамиёна жамоаси. Иложи борича яхши ўйнашга ва натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Жамоамга ишонаман. Кейн ва Сон яхши формада, ўйлайманки, фаворитмиз. Ўйинни эса майдонда кузатамиз. Ортиқча гап - ортиқча”.

maxresdefault

Хулоса ўрнида

Икки инглиз клуби ҳам коронавирус туфайли меҳмондаги ўйинини нейтрал майдонга ўтказишга мажбур. Уйида бўладиган баҳсларнинг қаерда ўтиши эса ҳали маълум эмас. Шундай экан, улар бор имкониятдан максимал фойдаланишга мажбур. “Тоттенхэм”да ғалаба қозониш имконияти МЮга қараганда юқорироқ. Катта эҳтимол билан “шпорлар” бў ўйинни кичик ҳисобдаги ғалаба эвазига ўз фойдасига ҳал қилса керак. “Реал Сосьедад” ўз ўйинини ўйнаса Сульшер жамоаси анчайин қийналиб қолиши аниқ. Шу сабабли, бў ўйинга голли дуранг натижасини тахмин қиламиз. Албатта, бу шунчаки тахмин. Барчаси майдонда ҳал бўлади!

Абдулла Маннонов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!