Моуриньо "Рома"дан кетмоқчи бўлган Шомуродовга антиқа маслаҳат берди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси ва сардори Элдор Шомуродовнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган ProSports Management компаниясининг Осиёдаги лойиҳаларига раҳбарлик қилувчи Қаҳҳор Мўминов “Спорт экспресс” газетасига катта интервью берди.
Интервьюнинг биринчи қисмини мухлислар эътиборига ҳавола этгандик.
Хориж клубларига хабар: Ўзбекистондан “янги Шомуродовлар” етишиб чиқмоқда!
Навбат, суҳбатнинг давомига. Бу гал суҳбат мавзуси Элдор Шомуродов фаолиятига қаратилди.
- Келинг, Шомуродов ҳақида гаплашайлик. “Рома” ёзда уни қўйиб юбормади. Лекин Элдор ҳали ҳам ўйнамаяпти. А Серияда икки марта ўйин охирида майдонга тушди. Нималар бўляпти?
- Элдорга “Торино” ва “Болонья”дан жиддий қизиқиш бўлди. Уни Туркиянинг барча етакчи клублари ва саудияликлар ўз таркибида кўрмоқчи эди. Лекин “Рома” Шомуродовни сақлаб қолишга қарор қилди.
Бу борада Жозе Моуриньо ва клуб бош директори билан суҳбатлашдик. Бош мураббий матбуотни ўқимаслигимизни тавсия қилди.
- Нега?
- Моуриньо Шомуродовга ҳеч ким уни клубдан итариб чиқармаётгани ва бериб юбормаётганини тушунтириб қўйди. Агар мисли кўрилмаган таклиф тушса, масалан, Осиё томонлардан, улар бу масалани ўйлаб кўрар экан.
- Шомуродовни А Серия жамоаларидан бирига ижарага берса бўлмайдими?
- Моуриньо Элдорга шундай деди: “Гапимга қулоқ тут, “Болонья”да 10-15 та учрашувда майдонга тушганингдан “Рома”да бешта ўйинда қатнашганинг афзал!”.
Берлускони эгалик қилаётган “Монца” варианти ҳам чиққан эди. “Монца” бош мураббийлик учун Де Дзерби билан музокара ўтказганди, у биринчи навбатда, Шомуродовни олиб келишни талаб қилди. Лекин ўхшамади.
Жозе Моуриньо, “Рома”, Италиядаги ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашиб, Римда қолишга қарор қилдик.
Шуни тушуниш керакки, “Рома” жамоаси номи ёнида “топ” деган даража ишлатилади. Бу ҳар бир футболчи фаолияти муҳим, бу бренд.
Элдор энг кучли бешта лигалардан бирида топ-клубда ўйнаяпти. Бунинг қадрига етиш керак. Шунингдек, Моуриньо Шомуродовга албатта имкон берилишини таъкидлаяпти.
- “Аталанта” билан ўйинда Шомуродов ўша имконга эга бўлди, лекин қулай вазиятни бой бериб, жамоасини мағлубиятдан қутқара олмади...
- Ҳа, ўша вазиятда гол урганда учрашув қаҳрамони бўларди. Бироқ, Моуриньо учун бу ҳеч нарса эмас. Ўта юқори рақобат – топ клубларда учрайдиган ҳолат. Биз ҳозир ана шундай вазият ичида яшаяпмиз.
Биз ҳам телевизор орқали ўйинларни томоша қилиб, Шомуродов гол уролмаётган вазиятларда ачиняпмиз.
Лекин компаниямизда бир қоида бор – қарор қабул қилдикми, фақат шу йўналишда ҳаракатларни давом эттирамиз. Биз “Рома”га ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз керак. Айрим ҳамкасбларимиз мураббий ва клубни айблаб, негатив қидиради.
- Сизларда бундай эмасми?
- Биз “Рома” трансфер учун “Женоа”га катта пул тўлаганини тушунамиз. Римликларнинг рўйхатида доимо кўплаб номлар бўлади. Лекин улар танловда айнан Элдорни танлади. Буни қадрлаш керак. Клуб ҳеч қачон уни бегона санамаган. Шомуродовга “Бизга кераксан, буёғига ҳам кураш”, дейишди.
- Элдорнинг итальянчаси қалай?
- Бошида Моуриньода бу борада эътирозлар бўлди. Чунки Жозенинг ўзи лингвист, саккизта тилни билади. Шунинг учун Элдор итальянчани секин ўзлаштираётганида жаҳли чиқди. Мураббий футболчи унинг тактикаларининг нозик жиҳатларини тушунмаяпти, деб ҳисоблади.
Ҳозир ҳаммаси тубдан ўзгарди. Шомуродов европаликка айланди, итальянчада зўр гаплашади. Уни ҳар бир жамоада яхши кўришади. Яхши йигит. Айнан мана шу ҳам “Рома” ёзда уни қўйиб юбормаган сабаблардан бир. Жамоада Элдорни ҳамма яхши кўради.
Хориж клубларига хабар: Ўзбекистондан “янги Шомуродовлар” етишиб чиқмоқда!
Испанлар Шомуродовни унутгани йўқ!
Шомуродов, тайёрлан!
Экспертлар баҳоси: Шомуродов қаҳрамон бўлиши мумкин эди...
Ўрунов "модный" йигит!
Фикрлар