Моуриньо Шомуродовни нега Римда олиб қолди?
Италия футболини ёритишга ихтисослашган Footballnews24 нашри эксперти Якопо Мирабелла “Рома” жамоаси амалга ошираётган трансферлар, келаси мавсум учун шакллантирилаётган таркиб ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- “Рома”нинг трансферлар бозоридаги ишлари жуда яхши кетяпи, деб ўйлайман. Жозе Моуриньо тажрибали дарвозабон Руй Патрисиуга ўринбосар сифатида ёш ва истеъдодли Миле Свиларни олди.
“Лилль”дан таклиф қилинган Меҳмет Челик Зеки жамоа ҳимоясининг ўнг қанотини мустаҳкамлашга қодир.
Ҳимоянинг майдон марказига яқин иккинчи чизиғи ҳозирча бўш. Мараш Кумбулла ҳали ёш.
Жамоага қўшилган Неманья Матич халқаро даражадаги ўйинчи ва у майдонда ҳамон кўп нарсага қодир.
Элдор Шомуродовнинг бошқа клубларга ўтиши ҳақида турли туман хабарлар кўп. Лекин ўзбек ҳужумчиси “Рома”да қолиши керак. Чунки бу ўйинчи Жозе Моуриньо учун жуда муҳим эканини таъкидлаш лозим, - деди Якопо Мирабелла.
Яқингача Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги келажаги мавҳум эди. Рим клубининг асосий таркибига киришга қийналаётган футболчимизга Италия, Германия, Испания ва Франция вакилларидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқатилди.
Ҳатто, Туркиянинг энг машҳур клубларидан “Ғалатасарой” легионеримиз трансферини сўраб, “Рома” раҳбариятига мурожаат қилди. Бироқ, Жозе Моуриньо бир йил муқаддам Римга ўзи таклиф қилган Шомуродовга келаси мавсум ҳам имкон беришини таъкидлади.
Айни пайтда Элдор “Рома” билан янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳужумчимиз мавсумолди йиғинларининг биринчи ўртоқлик учрашувида ўзининг самарадорлигини кўрсата олди. “Трастевере” билан бўлган баҳсда Шомуродов биттадан гол ва ассист билан жамоасининг 5:0 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Энди Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори мавсумга тайёргарликнинг навбатдаги босқичини Португалияда ўтайди. Бош мураббий Жозе Моуриньо ўқув-машғулот йиғинини ўз юртида ташкил этиши одат тусига айланган.
“Рома” футболчилари Португалиядаги йиғинда асосий эътиборни ўйин амалиётини шакллантириш учун ўртоқлик ўйинларига қаратади. Клуб мутасаддилари Португалия, Франция ва Англия жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари бўйича келишувга эришган. Унга кўра, римлик “бўрилар” навбатдаги баҳсни 13 июль куни Англиянинг “Сандерленд” клубига қарши ўтказади.
Жозе Моуриньо шогирдлари уч кундан кейин Португалиянинг “Портимоненсе” клубига қарши саф тортади. 20 июль куни “бўрилар” жаҳон футболига Криштиану Роналдудек юлдузни тарбиялаб берган “Спортинг” билан беллашади.
Португалиядаги йиғин давомида ташкил этиладиган сўнгги ўртоқлик баҳси Франция чемпионатида кучли бешликдан жой олган “Ница”га қарши бўлади. Бу беллашув 23 июлга қўйилган.
Бундан ташқари, “Рома” А Серия ўйинлари бошланишидан олдин 30 июль куни Исроилда Англиянинг энг кучли жамоаларидан бири “Тоттенхэм” билан ўртоқлик учрашувини ўтказиши белгиланган.
Италия чемпионатига 13 августдан старт берилади. “Рома” А Сериядаги илк турни 14 август куни ўтказади. Ушбу санада Жозе Моуриньо шогирдлари сафарда “Салернитана” жамоаси меҳмони бўлади.
“Рома” ўз уйидаги биринчи учрашувни 21 августда “Кремонезе” футболчиларига қарши ўтказиши белгиланган.
Фикрлар